Қўрага ўғри тушди...
Лекин суд томонидан унинг ёшлиги эътиборга олиниб, бир маротаба имкон берилган эди.
Халқимизда «Кўр ҳассасини бир марта йўқотади», деган гап бор. Бу гап бежизга айтилмаган.
С.Раҳимов муқаддам ўғрилик жиноятини содир этганлиги сабабли жиноий жавобгарликка тортилган эди. Лекин суд томонидан унинг ёшлиги эътиборга олиниб, бир маротаба имкон берилган эди. У жинояти учун жазодан озод қилинган бўлса-да, тавба нелигини билмади.
С.Раҳимов, 2020 йил февраль ойининг ўрталарида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда Навбаҳор тумани «М.Улуғбек» маҳалла фуқаролар йиғини, Жизлон дашт ҳудудидаги С.Ўнгаровнинг қўй қўрасига девор тешиги орқали ғайриқонуний равишда кирган. Қўй қўра ичидан баҳоси 800.000 сўмлик бир бош қўйни ўмарган.
Бундан ташқари, у ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, спиртли ичимлик истеъмол қилган маст ҳолатда, 2020 йил февраль ойининг ўрталарида Навбаҳор тумани, «М.Улуғбек» маҳалла фуқаролар йиғини, Жизлон дашт ҳудудидаги Ч.Ўнгаровнинг қўй қўрасига А.Боқиев ва бошқалар билан Матиз русумли автомашинада келиб, девор тешиги орқали ғайриқонуний равишда еирган.
Матиз автомашина ҳайдовчисига бу ўзининг қўйлари эканлигини айтган. Шу тариқа ҳар бирининг баҳоси 800.000 сўмдан бўлган икки бош 1.600.000 сўмлик қўйларни Конимех туманидаги мол бозорида тергов жараёнида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган фуқароларга сотиб юборган.
Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди раиси З.Ибрагимов томонидан кўриб чиқилиб, С.Раҳимовни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқини тузатишнинг имкони йўқ деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
С.Раҳимов ёлғиз яшарди. Унинг ўғри ва ароққа муккасидан кетганлигини билган турмуш ўртоғи ҳам фарзандини олиб уйига кетган эди.
Зафар Ибрагимов,
Жиноят ишлари бўйича
Нурота туман суди раиси