Зулфия ая хонадонида...
Бир йилдан сўнг пойтахтимизда барпо этилган Ғалаба боғида Зулфия Зокирова ва унинг келинларига, жангчи ўғлонлари хотирасига ёдгорлик қад ростлади.
Ўзбекистон маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Тошкент вилояти Хонобод қишлоғи “Қушбеги” МФЙдаги Зулфия ая Зокирова истиқомат қилган хонадонда “Илҳақ” бадиий фильми ижодкорлари билан учрашув ўтказилди.
Самимий учрашувда ўзбек аёлининг матонати, уруш йилларида халқимиз кўрсатган жасорат ҳақида сўз борди, фильмнинг яратилиши, тасвирга олиш жараёнлари ҳақида гапириб берилди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили 9 май тантаналарида Зулфия ая Зокирова ҳамда унинг урушдан қайтмаган беш ўғли ҳақида сўзлаган, келинлари сабру қаноатини ҳам алоҳида тилга олган, уларнинг шарафига ҳайкал барпо этиш, фильм яратиш таклифини билдирган эди.
Бир йилдан сўнг пойтахтимизда барпо этилган Ғалаба боғида Зулфия Зокирова ва унинг келинларига, жангчи ўғлонлари хотирасига ёдгорлик қад ростлади. Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинган “Илҳақ” бадиий фильми эса муштипар оналаримиз, келинларимиз, мард йигитларимиз учун ўзига хос мадҳия сифатида намоён бўлди.
– Оддий ўзбек аёли ўзининг сабр-қаноати, матонати туфайли қаҳрамон бўлди, – деди Зулфия Зокирова ролини ижро этган актриса Дилором Каримова. – Ушбу фильмни барча ўзбек аёлларига бағишланган қасида деб аташ мумкин.
Тадбирда “Илҳақ” фильмининг тарбиявий аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан хонадон соҳибларига эсдалик совғалари топширилди.