Зоминда ёш истеъдодлар маҳорати янада чархланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари бугун мамлакатимиз адабий ҳаётининг энг нуфузли ижодий мактабларидан бири сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлади.
Истеъдодли ёшларни кашф этиш, уларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш, устоз-шогирд анъаналарини янада ривожлантириш ҳамда янги авлод адабиётининг муносиб вакилларини тарбиялашга хизмат қилаётган мазкур анжуман йил сайин мазмун ва кўлам жиҳатидан бойиб бормоқда.
Жорий йилнинг 7–9 июль кунлари Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ тасарруфидаги сиҳатгоҳда ўтказилган навбатдаги семинар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилди. Бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси ва илҳомбахш муҳити билан машҳур Зомин бу гал ҳам мамлакатимизнинг энг иқтидорли ёш қаламкашларини бир масканда жамлади.
Семинарнинг иккинчи кун дастури ижодий мулоқотларга бой бўлди. Шеърият, наср, драматургия, болалар адабиёти, бадиий таржима, бадиий публицистика ва адабий танқид йўналишлари бўйича ташкил этилган шўъба машғулотларида иштирокчилар тажрибали устозлардан сабоқ олишди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султон иштирокида ўтган маҳорат дарсида бадиий ижод сирлари, асар устида ишлаш маданияти ва ижодкор масъулияти ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, адиб асари асосида тайёрланган “Сўз” лойиҳаси намойиш этилди. Кун якунида ўтказилган “Зомин оқшомлари” адабий-бадиий мушоираси ёшлар ижодидаги янги изланишларни намоён этди.
Семинар доирасида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев иштирокчилар билан учрашиб, уларга янги ижодий зафарлар тилади ҳамда “Айдаркўл Resort” мажмуасига таклиф этди.
Маълумки, республика босқичига йўлланма олиш учун кўп босқичли саралаш жараёни ўтказилди. Жорий йилнинг 20 апрелидан 2 майига қадар ўтказилган ҳудудий босқичлар якунларига кўра, мамлакатимизнинг 14 ҳудудидан 75 нафар энг иқтидорли ёш ижодкор саралаб олинди. Улардан 25 нафари шеърият, 10 нафари наср, 6 нафари драматургия, 11 нафари болалар адабиёти, 6 нафари бадиий таржима, 10 нафари бадиий публицистика ва 7 нафари адабий танқид йўналишида иштирок этди. Шунингдек, республикадаги ижод мактабларининг ҳар биридан 5 нафардан, жами 45 нафар иқтидорли ўқувчи ҳам семинарга жалб қилинди.
Зомин семинари йиллар давомида кўплаб ёш истеъдодларни адабиёт майдонига олиб кирди. Бугун Бобур Элмурод, Жавлон Жовлиев, Дадахон Муҳаммадиев, Алишер Боймурод, Анвар Ботир, Шаҳриёр Шавкат, Шоҳсанам Нишонова, Феруза Хайруллаева, Суҳроб Зиё, Кумуш Абдусаломова, Нурмуҳаммад Азиз, Жамолиддин Бадалов, Хуршид Абдурашид, Гулруҳ Худоёрова, Алишер Сабрий каби ижодкорлар ўз ўқувчиларини топиб, миллий адабиёт ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
[gallery-30338]
Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар ҳам изчил давом этмоқда. Анжуман иштирокчилари ижодидан тузилган илк китоблар ҳар йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилаётгани бунинг ёрқин ифодасидир. Шу кунга қадар “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида 208 нафар ёш ижодкорнинг илк китоби кўп минг нусхада чоп этилди. Ўтган йили эса семинар қатнашчилари асарларидан тузилган 12 та китоб китобхонларга тақдим этилди.
Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–22-сон Фармони билан тасдиқланган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили давлат дастури ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Семинарнинг тантанали ёпилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Дилмурод Худойшукуров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқалар сўзга чиқиб, анжуманнинг юксак савияда ўтганини таъкидлашди. Фаол иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, қатнашчилар учун Зомин шаршараси ва осма кўприкка, семинар якунланганидан сўнг эса Арнасой туманига маърифий-туристик саёҳат ташкил этилди.
Зомин семинари бугун нафақат ижодий мулоқот ва тажриба алмашиш майдони, балки миллий адабиётимизнинг эртанги кунини белгилайдиган истеъдодлар камол топадиган, юксак бадиий тафаккур ва маънавий муҳит қарор топадиган нуфузли адабий мактаб сифатида ўз аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари