«Жиззах» ЭИЗ да янги корхонага пойдевор қўйилди
Қўшма корхонанинг 11 миллион АҚШ долларилик устав капиталининг 55 фоизини Жанубий Корея компаниялари, 45 фоизини «Ўзбектелеком» АК улуши ташкил этади.
“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида «Оптик толали алоқа кабелларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш» лойиҳаси доирасида «Global Optical Communication Uzbekistan» («GOC-UZ») МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасининг янги заводига пойдевор қўйилди.
«Жиззах» ЭИЗдаги оптик толали кабеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Global Optical Communication Uzbekistan» МЧЖ қўшма корхонаси 2019 йил «Ўзбектелеком» АК ва Жанубий Кореянинг «Global Optical Communication Co. Ltd.» ва «Uni Asset Global Co. Ltd.» компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Қўшма корхонанинг 11 миллион АҚШ долларилик устав капиталининг 55 фоизини Жанубий Корея компаниялари, 45 фоизини «Ўзбектелеком» АК улуши ташкил этади.
Лойиҳанинг “Жиззах” ЭИЗдаги биринчи босқичида 2020 йилда Корея, Япония ва Хитой компанияларининг замонавий ускуналари ўрнатилиб ишга туширилган корхонасида жорий йилда 10 минг километр узунликдаги оптик толали алоқа кабеллари ишлаб чиқарилади. Корхонада 58 нафар ишчи хизматчи меҳнат қилмоқда.
Иккинчи босқичда яъни 4,5 гектарлик ишлаб чиқариш майдонига эга янги корхонада 2021 йилдан бошлаб йилига 50 минг километргача оптик кабелларни ишлаб чиқариш режалаштирилган. Корхонада 100 та янги иш ўрни яратилади. Келгусида ишлаб чиқариш ривожланиб бориши билан янги иш ўринлари сони 300 тагача ошади.

«Жиззах» ЭИЗда «Оптик толали алоқа кабелларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш» лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш доирасида қўшма корхонанинг биноларини қуриш учун Корея Республикасининг «EXIMbank»дан 3,6 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари жалб қилинган. Қурилиш 2021 йилнинг биринчи чорагида якунланиши режалаштирилган.
Биринчи босқичда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 32 фоиз, иккинчи босқичда эса 60 фоизни ташкил қилади.
Қўшма корхона янги заводига пойдевор қўйишга бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Жамол Махсудов ва бошқалар ушбу лойиҳанинг аҳамияти юқорилигини таъкидлади.
Ўзбекистон мис алоқа линияларидан оптик толали алоқа линияларига ўтмоқда ва бу телекоммуникация тармоқларининг тезкорлигини оширади.
Жорий йилда фақатгина оптик толали алоқа қамровини кенгайтириш лойиҳаси доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларида 26,5 минг километрга яқин оптик толали алоқа линиялари тортилди. Бугунги кунда оптик толали алоқа линияларининг умумий узунлиги 61 минг километрдан ошди.