Жаҳон матбуоти саҳифаларида
Ўзбекистон 15 йиллик танаффусдан сўнг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича учрашувларни янгилайди
Ўзбекистон 15 йиллик танаффусдан сўнг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича учрашувларни янгилайди
РИА Новости. 7 июль куни Ўзбекистон ва Жаҳон савдо ташкилоти қарийб 15 йиллик танаффусдан сўнг мамлакатнинг ушбу ташкилотга қўшилиши бўйича қўшма ишчи гуруҳи йиғилишини ўтказади, деб хабар қилади республика Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати. Ҳозирча бу учрашувлар коронавирус туфайли видео конференция форматида бўлиб ўтади. ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссиянинг навбатдаги мажлисида ишчи гуруҳи йиғилишларини янгилаш масаласи муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг ЖСТ га қўшилиши муҳим вазифа бўлиб, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги қатор омилларга дахлдор бўлган кўплаб масалаларни тезкор ҳал этилишини талаб этади, дейилади хабарда. Ўзбекистон 1994 йил июнь ойида Тарифлар ва савдо бўйича бош келишувда кузатувчи мақомини олган эди, 1998 йилда мамлакатнинг ушбу ташкилотга қўшилиши бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилди. Кейинги йилларда ишчи гуруҳи фақат уч маротаба йиғилди, охирги учрашув 2005 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган эди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг ноябрь ойи охирида Корея Республикасига уюштирган ташрифи давомидамамлакатнинг ЖСТ га қўшилиш бўйича ишларни янгилашини маълум қилган эди.
2019 йилнинг июль ойида Ўзбекистон вакиллари ЖСТ га мамлакатнинг ушбу ташкилотга қўшилиши бўйича аризани кўриб чиқиши учун ташқи савдо режими ҳақидаги янги меморандумни тақдим этган эди. Аввалроқ мамлакат ташқи ишлар вазирлиги ишчи гуруҳининг йиғилиши жорий йил март ойининг охири-апрель ойининг бошларида бўлиб ўтади, деб ҳисоблаган эди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли учрашувлар ўтказилмаган эди.
***
Хитойнинг Чунсин шаҳри ва Ўзбекистон ўртасида халқаро автотранспорт юк ташиш бўйича юк машиналари қатнови йўлга қўйилди.
Синхуа. Чунсин шаҳри (Жануби-Ғарбий Хитой)дан Ўзбекистонга ушбу шаҳар ва Марказий Осиё ўртасида автотранспорт юк ташиш йўллари йўналишлари бўйича қатнайдиган биринчи юк машиналари қатнови бошланди. Мототцикллар ва улар учун эҳтиёт қисмлар ортилган юк машиналари Хоргос назорат-ўтиш пункти орқали давлат чегарасидан ўтиб, Қозоғистон ҳудуди орқали қарийб 5700 км йўлни босиб ўтиб, 13 кундан сўнг Бухорога етиб келадилар. Бу билан халқаро автотранспорт юк ташиш доирасида транспорт воситалари қатнови масофаси бўйича рекордни янгилайди.
Хабар қилинишича, Чунсин ва Марказий Осиё ўртасида қатнайдиган юк машиналари қатнови Хитойнинг жануби-ғарбида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналари ва толлинг савдоси билан шуғулланадиган корхоналарнинг эҳтиёжларини қондиради. Бу шунингдек, мототцикл қисмларини ишлаб чиқарувчи компанияларнинг экспортини ошириш, халқаро юк ташиш учун янги йўналишларни очиш ва шу билан минтақанинг иқтисодий ривожланишига ёрдам беради. Маълумотларга кўра, 2020 йил июнь ойи охири ҳолатига кўра, Чунсин шаҳридан халқаро юк ташиш доирасида жами 3156 юк машиналари қатнови юборилган, улар оғирлиги 41,2 тонна ва қиймати 1,99 миллиард юаньбўлган 7101 TEU (йигирма футли эквивалент) олиб ўтганлар.
***
Ўзбекистон ва АҚШ Афғонистон йўналиши бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқдалар
Russian.News.Cn. «Марказий Осиё — АҚШ» («С5+1») форматидагионлайн-учрашув бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ташқи ишлари вазирлари, АҚШ давлат котиби иштирок этди. «С5+1» форматида ҳамкорлик қилиш 2015 йил сентябрь ойида минтақавий масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган эди.
Синхуа – Учрашувда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзад ва АҚШ халқаро тараққиётини молиялаштириш корпорацияси (DFC)нинг бош ижрочи директори Адам Болер ҳар икки мамлакатнинг ҳам Афғонистон йўналишида ўзаро ҳамкорлик қилишини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар, деб хабар қилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати.
Иштирокчилар Афғонистоннинг сиёсий раҳбарлари билан келишувга эришишни маъқулладилар ҳамда инклюзив ҳукумат ва Миллий битим олий кенгашининг ташкил этилиши мамлакатдаги барча сиёсий кучларнинг Афғонистоннинг ёрқин келажаги йўлида бирлашишига хизмат қилиши кераклигини қайд этишди. Музокаралар давомида Афғонистон ва минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий ва транспорт-коммуникация алоқаларини кенгайтиришга хизмат қиладиган қатор лойиҳаларни молиялаштириш учун DFC маблағларини жалб қилиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
***
Халилзад Ўзбекистоннинг Афғонистодаги вазиятни тартибга солиш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади
Sputnik. Сешанба куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзад ва АҚШ халқаро тараққиётини молиялаштириш корпорацияси (DFC)нинг бош ижрочи директори Адам Болер билан билан учрашди. Бу ҳақда республика ташқи ишлар идораси маълум қилди. Аввалроқ Халилзад Афғонистондаги тинчлик масаласини муҳокама қилиш мақсадида Покистон, Қатар ва Ўзбекистонга ташриф буюриши хабар қилинган эди. Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, учрашув давомида томонлар « яқин сиёсий алоқалар ўрнатилгани, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар, ҳарбий-техникавий алоқалар мустаҳкамланганини мамнуният билан қайд этган».
"Америка вакиллари Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистондаги вазиятни тартибга солишда минтақавий ёндашувларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва бу йўналишда фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди”, - дейилади хабарда. Шунингдек, икки мамлакат вакиллари Афғонистон ва минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий ва транспорт-коммуникация алоқаларини кенгайтиришга йўналтирилган қатор лойиҳаларни молиялаштириш учун DFC маблағларини жалб қилиш бўйича ҳам фикр алмашишди.
***
«Ўзбекистонга хуш келибсиз»
«Die Welt». Германиянинг «Die Welt» газетаси Ўзбекистон тўғрисида «Ўзбекистонга хуш келибсиз» сарлавҳали мақоласини чоп этди.
“Ўзбекистон – қадимий тарих ва бой маданий меросга эга бўлган Марказий Осиёдаги энг гўзал мамлакатлардан биридир. Мамлакат ҳудуди ҳайратланарли даражада баланд тоғ водийлари ва иссиқ чўлларни, қадимий архитектура ёдгорликлари билан безатилган маданий археологик ва тарихий комплексларни, замонавий мегаполисларни ўз ичига олади. Ушбу давлат бўйлаб саёҳат қилиш сайёҳларга ЮНEСКО нинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий диққатга сазовор масканлар билан танишиш ҳамда Буюк Ипак йўлининг қадимий йўналишлари бўйлаб қизиқарли саёҳат қилиш имконини беради.
Бу ерда Помир ва Тян-Шаннинг баланд тоғ тизмалари, кўлларнинг тиниқ-шаффоф суви, шовқин дарёлар ва шифобахш булоқларни кўриш мумкин. Мамлакатда сайёҳликнинг экстремал, зиёрат, қишлоқ хўжалиги туризми каби барча турлари жадал ривожланмоқда. Экотуризм – машҳур йўналишлардан бири ҳисобланади, Ўзбекистон эса ушбу йўналишни ривожлантириш бўйича улкан салоҳият ва имкониятларга эга бўлган мамлакатлар сирасига киради. Ранг-баранг табиат, экзотик ҳайвонлар, наботот оламининг бойлиги ва ҳайратланарли даражадаги ажойиб тоғ ландшафти ушбу мамлакатнинг ўзига хос жиҳатларидандир. Ўзбекистонда кўплаб миллий парк ва қўриқхоналар мавжуд. Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳасида шаклланган минг йиллик маданияти турли даврларда бугунги Ўзбекистон ҳудудига кўчиб келган халқларнинг урф-одатлари, анъаналарини ўз ичига олган. Кўп миллатли Ўзбекистоннинг анъаналари мусиқа, рақс, рангтасвир, амалий санъат, тил, ошхона ва либосларда ўз аксини топган. Бу бойликлар билан танишиш мақсадида бутун мамлакатни айланиб чиқиш керак, бироқ Ўзбекистон маданиятининг ҳамма рангларини кўриш истагида бўлганлар республиканинг ноёб этнофестивалларига ташриф буюришлари лозим. Мамлакатнинг барча ҳудудларидаги ижодий жамоалар бу фестивалларга ташриф буюришади.
Ўзбек ошхонаси Шарқнинг энг бой ва ранг-баранг ошхоналаридан бири бўлса керак. Ўзбекистон кўп асрлар давомида турли мамлакатларнинг энг қизиқ ва ғайриоддий таомлари рецептларини ўзлаштириб келган. Ўзбекистонда меҳмонлар уй эгалари томонидан тайёрланган паловни татиб кўргандан кейингина уйдан чиқиб кетишлари мумкин, деган гап бор. Бу ниҳоятда мазали таом бўлиб, уни оддий масаллиқлар: гуруч, гўшт, зираворлар, сабзи ва пиёздан тайёрлашади. Палов тарихи узоқ ўтишга бориб тақалади, унинг шаклланиши ҳақида кўплаб афсоналар бор. Палов тайёрлаш маданияти ва анъанаси 2016 йилда инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилган.
***
Бизнинг «Жаҳон матбуоти саҳифаларида» номли янги рукнимизга оид тилакларингиз, таклиф ва фикр-мулоҳазаларингизни pochta@uza.uz манзилига юборишингизни сўраймиз.