Замонавий янги боғча ишга тушди
Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш ва болаларни сифатли таълим-тарбия билан қамраб олиш борасида яна бир муҳим қадам қўйилди. Янги Ўзбекистон массивида жойлашган 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти учун 180 ўринли янги, замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ушбу лойиҳа мамлакатимизда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, болаларнинг соғлом ўсиши ва таълим олиши учун муносиб шароитлар яратишга қаратилган тизимли ислоҳотларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Қурилиш ишлари учун 4,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, объект замонавий меъёр ва талаблар асосида сифатли барпо этилди.


Янги бино илғор педагогик ёндашувлар асосида таълим бериш имконини берувчи ўқув хоналари, жонли бурчак, болаларнинг жисмоний ривожланиши учун спорт бурчаклари, ижодий машғулотлар хоналари, замонавий ўйин майдончалари ва хавфсиз инфратузилма билан жиҳозланган. Бу эса болаларнинг ҳар томонлама камол топиши ва иқтидорларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Таълим масканининг иш бошлаши нафақат болаларнинг билим олишга бўлган қизиқишини оширади, балки маҳалладаги ёш ота-оналарнинг иш билан банд бўлиши учун имконият яратади.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири