Замонавий трасса қурилиши бошланди
Бухорода янги халқаро аэропортни республика аҳамиятидаги М37 автомобиль йўли билан боғлайдиган замонавий тезюрар автомобиль йўлини қуриш ишларига старт берилди. Мазкур йирик инфратузилма лойиҳаси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳудуднинг транспорт салоҳиятини ошириш, замонавий ва қулай йўл инфратузилмасини шакллантириш ҳамда Бухоронинг сайёҳлик ва логистика имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган.
Умумий узунлиги 23,8 километр бўлган янги автомобиль йўли тўрт ҳаракат тасмасига эга бўлади. Йўлнинг умумий кенглиги 25,25 метрни, ҳар бир ҳаракат тасмасининг кенглиги эса 3,75 метрни ташкил этади.
Янги трассанинг барпо этилиши, аввало, аэропортга олиб борувчи транспорт қатновини сезиларли даражада яхшилаши кутилмоқда. Бу нафақат йўловчилар учун вақт ва масофани тежайди, балки Бухорога келувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун ҳам замонавий транспорт муҳитини яратади.
Лойиҳа доирасида 2 та йўл ўтказгич, 3 та кўприк ҳамда 2 та ер ости пиёдалар ўтиш йўлагини қуриш режалаштирилган. Ушбу муҳандислик иншоотлари транспорт оқимини узлуксиз ташкил этиш, чорраҳаларда тирбандликларни камайтириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда қурилиш ишларига қарийб 1 000 нафар ишчи-ходим, 500 дан зиёд транспорт воситаси ва махсус техника жалб этилган. Лойиҳанинг бешта лотга бўлинган ҳолда амалга оширилаётгани қурилиш ишларини бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишда олиб бориш, белгиланган вазифаларни босқичма-босқич ва тизимли равишда бажариш имконини беради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур йўл фақат аэропортга олиб борувчи транспорт коридори эмас. У Бухоронинг шаҳар ва ҳудудлараро транспорт тизимида муҳим бўғинга айланиши, янги иқтисодий фаоллик нуқталарининг шаклланишига туртки бериши мумкин.
Зеро, замонавий аэропортнинг самарадорлиги унинг авиация инфратузилмаси билан бир қаторда, аэропортга олиб борувчи автомобиль йўлларининг сифати ва ўтказувчанлик қобилиятига ҳам бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, янги трасса Бухоронинг транспорт-логистика салоҳиятини ошириш билан бирга, вилоятнинг инвестициявий жозибадорлиги ва туристик имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Айниқса, Бухоро каби тарихий ва туристик салоҳияти юқори ҳудуд учун аэропорт, автомобиль йўллари ва бошқа транспорт тармоқларининг ўзаро уйғун ишлаши стратегик аҳамиятга эга. Янги йўлнинг барпо этилиши ана шу яхлит транспорт тизимини шакллантиришда муҳим қадам бўлади.
Энг муҳими, Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа орқали Бухоронинг замонавий транспорт қиёфаси янада юксалади. Янги йўл нафақат бугунги эҳтиёжларни қондириш, балки келгуси йилларда вилоятда иқтисодиёт, туризм, савдо ва логистика соҳаларининг ўсиши учун зарур транспорт инфратузилмасини яратишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири