Замонавий психологияда авлодлараро мувозанат
Кундалик ҳаётимизда, айниқса, ахборот майдонида рўй бераётган ўзгаришлар негизида бугунги авлодлар –Y (millennials) ва Z авлодлари тургани тобора аён бўлмоқда. Уларнинг дунёқараши, ҳаётга ёндашуви, меҳнат бозори, таълим, сиёсат ва маданиятга бўлган муносабати олдинги авлодларникидан кескин фарқ қилади.
1980–2003 йиллар оралиғида туғилганлар, яъни Y авлод: мураккаб, ўзгарувчан, аммо ҳар жиҳатдан ўз истеъдодини кўрсатишга тайёр. Улар глобал иқтисодий инқирозлар, технологик ривожланишлар ва жамиятда содир бўлган кескин ижтимоий ўзгаришлар жараёнида улғайган. Айнан шунинг учун улар ҳар қандай янгилик ва ўзгаришга очиқ, “ўзгартириш” сўзини ҳаётий шиорга айлантирган авлод ҳисобланади.

Y авлоднинг энг асосий жиҳатларидан бири – уларга имкон берилса, ўз йўлини топа олишидир. Улар мол-мулк, мерос, анъанавий бойликлардан кўра, замонавий ёндашув, ахборот, тажриба, мослашувчанлик ва инновацияларни қадрлайди. Айнан шу сабабли улар деворга гилам осиб қўйишдан кўра, инновацион интерьер дизайнга эътибор беради. Касб танлаш жараёнида ҳам, SММ, графика дизайн, IТ ёки мобилография каби соҳаларни синаб кўради. Бу авлод технологияга мослашган, янгиликлар билан яшашга ўрганган ва жамиятдаги ижтимоий муаммоларга бефарқ эмас.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Y авлод ғалабани қадрлайди. Улар учун мақсад ва натижа муҳим. Таваккал қилишдан қўрқмайди, ахборот қидиради ва уни жамиятдаги муаммолар ечимига йўналтиришга ҳаракат қилади. Бу авлод вакиллари ахборотни чуқур таҳлил қилиш эмас, балки ундан ҳаётини яхшилаш учун фойдаланишга ҳаракат қилади. Улар “катта гап” эмас, “кичик, аммо фойдали” янгиликларни қадрлайди.

Z авлоди эса – 2003–2024 йиллар оралиғида туғилганлар сифатида кўрилади. Баъзи манбаларда эса 1995 йилдан сўнг туғилганлар ҳисобланади. Бу давр сиёсий қарама-қаршиликлар, ҳудудий ихтилофлар, экологик инқироз ва энг муҳими – рақамли ахборот билан характерланади. Ташқи шароит қанчалик совуқ ва оғир бўлмасин, ўз ички мустаҳкамлиги, иродаси, илғор дунёқараши билан ажралиб туради.
“Қўлида гаджет билан туғилган” деган ибора бу авлод вакиллари учун ўринли. Бу эса уларнинг информацион муҳитда сузиб юриш, керакли маълумотни тез топиш, муқобил фикрлар орасидан саралаш, ўз қарорини чиқариш имконини яратади. Шу билан бирга, бу хусусиятнинг ижобий томони билан бир қаторда салбий жиҳати ҳам бор. Бу авлод вакиллари ортиқча ахборот оқими ичида адашиб қолиши, чалғиб кетиши хавфи мавжуд.

Z авлод – мустақилликни жуда эрта истайди. Яқиндагина ўсмирлик даврига кирган бола ҳам ўзини алоҳида шахс сифатида кўришни хоҳлайди. Бу эса уларнинг ички эркинликка бўлган эҳтиёжи, индивидуал қарашларга содиқлиги ва мустақил фикр юрита олиш қобилиятини кўрсатади. Улар кўпроқ қисқа, аниқ ва лўнда ахборотларга эҳтиёж сезади. Узоқ таҳлилий мақолалар эмас, балки инстаграм, YouTube’даги қисқа видеолар, телеграмдаги минимум хабарлар, мемлар ва график постлар улар учун муҳим. Бу эса уларнинг ахборотни қандай қабул қилиши, қандай истеъмол қилиши борасида журналистлар, блогерлар, PR-мутахассислари ва таълим тизими вакиллари учун чуқур таҳлил қилиш заруратини туғдиради.
Y авлоддаги таваккалчилик ва ижодкорлик, Z авлоддаги тезкорлик ва шахсий мустақиллик бир-биридан кескин фарқ қилади. Y авлод жамиятда жараёнларни ўзгартирса, Z авлод бу жараёнларнинг қандай ишлашини чуқур англаб, ундан натижа чиқаради.
Бу икки авлод жамиятдаги янги меъёрларни шакллантирмоқда. Улар учун анъанавий “иш жойи”, “касб танлаш”, “барқарорлик” тушунчалари ўзгача талқин қилинади. Бугун биринчи навбатда масъуллар, таълим тизими, оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар ушбу авлодлар психологияси ва эҳтиёжларини чуқур тушуниб, уларни жамият ривожида муҳим манба сифатида кўра олсагина, янги босқичга чиқиш мумкин бўлади.
Вақт тизимига кўра ҳисоблайдиган бўлсак, Y авлод фарзандлари ҳозирги Z авлодга тўғри келади. Y авлод ота-оналари билан Z авлод фарзандлари ўртасидаги конфликтлар (келишмовчиликлар) табиий ҳолат, аммо бу низоларни тўғри бошқариш ва бартараф этиш оилавий муҳитда соғлом алоқаларни сақлаб қолиш учун жуда муҳим.
Аввало, “Сиз билан биз тенг эмаслигимиз нормал ҳолат” деган фикрни икки авлод вакиллари ҳам тўлиқ қабул қилиши керак. Бу қарама-қаршилик эмас, аксинча, ривожланишнинг босқичидир. Ота-оналар ҳаётга янгича кўз билан қарайди, фарзандлар ҳам таҳлилий фикрлашни ўрганиши мумкин.
Ота-оналар Z авлодга нисбатан қаттиққўл эмас, шерик сифатида ёндашганида натижа ижобий бўлади. Фарзандлар эса ота-онанинг тажрибасини рад этмасдан, ундан ўз замонавий фикрлари билан уйғун фойдаланишга ҳаракат қилса, кўприк пайдо бўлади.
Y ва Z авлод ўртасидаги тафовутлардан келиб чиқадиган келишмовчиликлар қарама-қаршилик эмас, ўзаро ўсиш имконияти сифатида қабул қилиниши керак. Ўзаро тинглаш, тушунишга интилиш ва муроса йўллари орқали бу конфликтлар соғлом алоқага, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликка олиб келиши мумкин.
Y ва Z авлод вакиллари бир қарашда фарқли кўринсада, уларни ягона жиҳат – ўзгаришларга тайёрлик, янгиликка очиқлик, ахборот билан ишлаш салоҳияти бирлаштиради. Уларга имкон берилса, жамиятни ўзгартира олади. Демак, бугун нафақат уларни ўрганиш, балки улар билан бирга ишлаш, бирга ўсиш – муҳим стратегик масала сифатида қаралиши лозим.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА