Халқ банки мижозлар учун интерактив хизмат турларини жорий этмоқда
Мамлакатимиз молия муассасалари томонидан аҳоли манфаатларини кўзда тутган ҳолда, жойларда банк филиаллари, махсус жамғарма ва сайёр кассалар ташкил этилиб, замонавий технологиялар воситасида хизмат кўрсатиш тизими яратилди.
Мамлакатимиз молия муассасалари томонидан аҳоли манфаатларини кўзда тутган ҳолда, жойларда банк филиаллари, махсус жамғарма ва сайёр кассалар ташкил этилиб, замонавий технологиялар воситасида хизмат кўрсатиш тизими яратилди.Халқ банки ҳам аҳоли ишончини мустаҳкамлаш мақсадида замонавий банк хизматлари сифатини ошириш, барқарорлигини таъминлаш чорасини кўрмоқда. Банк ходимлари ҳудудларга бориб, аҳолидан турли тўловларни онлайн тизимида қабул қилмоқда. Дам олиш кунларида ҳам бундай юмуш бажарилаётгани кўпчиликка манзур бўлмоқда.
– Илгари барча тўловларни Халқ банки бўлимларига бориб тўлардик, – дейди Қибрай туманида яшовчи Раъно Ашурова. – Ҳозир ушбу муассаса “Банк мижоз учун” таомилига амал қилган ҳолда, мижозлар учун замонавий тўлов тизимларини жорий қилаётгани, яратилган қулайликлардан жуда хурсандмиз.
Халқ банки молия бозорида рақобатбардошлик даражасини янада ошириш, хизмат кўрсатиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида биометрик технологиялар, “Бармоқ изи” дастури асосида аҳолидан омонатларга маблағларни қабул қилишда тезкор, ишончли ва кам вақт олувчи тизимни йўлга қўйди. Тизимнинг ютуқли томони омонатчининг иштирокисиз ҳеч қандай операциялар (фоизлар ҳисобланишидан ташқари) амалга оширилмаслигидир.
– Халқ банкида “Бармоқ изи” дастури ҳаётга татбиқ қилинганини эшитиб, унинг илк фойдаланувчиларидан бири бўлгим келди, – дейди Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Зайнаб Акбарова. – Бу дастурнинг менга маъқул жиҳати шуки, ҳар қандай мижоз қисқа вақтда омонатини қўйиши ва олиши мумкин. Халқ банкида мана шундай замонавий хизматлар янада кўпроқ бўлишини истаймиз.
– Банкимизда жорий этилган “Интернет банкинг”, “Мобиль банкинг” тизимлари хизматлар самарадорлигини ошириш билан бирга, мижоз учун ҳам қўшимча қулайликлар яратишда қўл келмоқда, – дейди банк матбуот хизмати раҳбари Бобур Элмуродов. – Мазкур хизматлар орқали мижоз ўз ҳисобварағи бўйича амалларни банкка бормасдан, хоҳлаган жойда туриб, истаган вақтда интернет орқали бажариш имконига эга. Ҳисобварағидаги маблағларни ўтказиш, уларнинг ҳолати, маблағнинг келиб тушиши, тўловларнинг акс этишига доир маълумотларни ҳам олиши мумкин. Бу эса вақтни тежаш ва маблағни тезкор бошқаришни таъминлайди.
Халқ банкида жамғариб бориладиган пенсия тизими иштирокчилари учун “SMS-хабарнома” интерактив хизмати ҳам йўлга қўйилган. У орқали ахборот коммуникация соҳасидаги илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда мижозларга тез, ишончли хизмат кўрсатилмоқда. Зеро, бунда мижознинг мобиль алоқа воситалари орқали исталган вақтда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобрақамидаги маблағлар қолдиғи тўғрисида маълумот олиш имкони мавжуд.