1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни байрами муносабати билан Оролбўйининг шаҳар ва туманларида турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Нукус шаҳридаги “Имкон” реабилитация марказига эга бўлган давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюриб, бу ерда тарбияланаётган болаларни байрам билан қутлади.

Бугунги кунда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида ёшлар ва болаларнинг таълим олиши, саломатлигининг мустаҳкам бўлиши, баркамол инсон бўлиб камол топиши учун кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Энг чекка ҳудудларда ҳам замонавий болалар боғчалари, мактаблар, маданият ва спорт иншоотлари фойдаланишга топширилмоқда.

Оролбўйи болалари учун махсус барпо этилган ушбу реабилитация марказига эга болалар боғчасида ҳам бир қатор тарбияланувчилар таълим-тарбия олмоқда. Болалар учун барча қулай шароитлар яратилган. Уларнинг саломатлиги доимий назоратга олинган ва тажрибали тиббиёт ходимлари ҳамда педагог устозлар туну кун фидокорона меҳнат қилишмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф. Эрманов ҳам Нукус шаҳридаги 27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотидаги болаларни байрам муносабати билан қутлади.
Болажонларга байрам муносабати билан совғалар топширилди ва концерт дастури намойиш этилди.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири