Юртга дахлдорлик – олий қадрият
Пойтахтимиздаги Ботаника боғида Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ҳамкорлигида “Ватан келажаги – ёшлар қўлида” ёшлар форуми ўтказилди.
Ҳарбий олий таълим муассасалари курсантлари, соҳавий академик лицейлар ўқувчилари, Ёшлар иттифоқи фаоллари, уюшмаган ёшлар иштирок этган тадбирда келажагимиз ворисларининг муносиб билим олиши ва замонавий касбларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилаётгани таъкидланди.
Ёшларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, мамлакатимиз ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Мазкур форум ҳам ёш авлоднинг ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уюшмаган ёшларнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш ва юртимизда кечаётган янгиланишлар жараёнида дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Байрамона руҳда ўтган тадбир Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия махсус бўлинмаларининг кўргазмали жанговар чиқишлари билан бошланди. Ёшларни мардлик ва ватанпарварликка ундовчи саҳна кўринишлари, она Ватанимиз, тинч-осуда ҳаётимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Форум доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида қўлланилаётган ҳарбий техника ва қурол-яроғларнинг намойиши ҳам ташкил этилди. Навқирон ёшлар мамлакатимиз осойишталиги йўлида камарбаста бўлаётган соҳа вакилларининг машаққатли касб фаолияти ҳақида ёрқин таассуротга эга бўлди. Давлатимиз раҳбарининг бешта муҳим ташаббуси самараси ўлароқ санъат, маданият, рассомчилик ва спорт соҳасида муваффақиятга эришаётган иқтидорли ўғил-қизларнинг ютуқлари кўргазмаси барчада катта қизиқиш уйғотди.

Шу куни тадбирга таклиф этилган бир гуруҳ ўқувчиларга ўзбек адибларининг энг сара асарларидан жамланган китоблар туҳфа қилинди. Шунингдек ёшлар бандлигига кўмаклашаётган тадбиркорлар эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академиясининг ахборот
хизмати ходими