Юқори босимли газ қувурининг ҳимоя майдонида жойлашган Мирбозордаги автотураргоҳ кўчириладими?
“Ўзтрангаз” АЖ ахборот хизмати бош мутахассиси Фарида Тожибоеванинг маълум қилишича, юқори босимли, диаметри 1220 миллиметр бўлган “Муборак-Янгиер” магистрал газ қувурларининг 4 та тармоғи Самарқанд вилояти ҳудудидан ўтади. Мазкур қувурлар ўқининг ҳар икки томонидаги 350 метрлик жойлар тармоқларнинг ҳимоя майдони этиб белгиланган.
–Айтиш жоизки, бу оралиқдаги ерлардан фойдаланиш ва экин экишнинг белгиланган тартиблари мавжуд, – деди Ф.Тожибоева. – Қувурларнинг муҳофаза майдонларида мол-мулклар ёки қурилмаларнинг жойлаштирилиши эса мумкин эмас. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 9 декабрдаги “Газ транспорти тизими объектларини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилган.
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида жойлашган магистрал газ қувурларининг муҳофаза майдонларида 361 та аҳоли хонадони, 79 та ишлаб чиқариш объекти ва нотурар жой қурилмаси мавжудлиги ниҳоятда ачинарли ҳолат.

Шу сабабли, мавжуд потенциал хавфдан огоҳлантириш мақсадида “Зирабулоқ” магистрал газ қувурлари бошқармаси масъуллари қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ердан фойдаланувчиларни огоҳликка чақирувчи хатлар тарқатиш ва оғзаки тушунтиришлар олиб борилаётгани, суд органларига қилинаётган мурожаатлар шулар жумласидандир. Шундай бўлса-да, бу жойлардан фойдаланишда белгиланган қоидаларга амал қилмаслик ҳолатлари учраб туради.
Яқинда Мирбозор бозори ҳудудидаги аҳоли ўртасида ўтказилган ҳамкорликдаги тадбирда шу масалага яна эътибор қаратилди. Тарғиботнинг айни шу жойда ўтказилгани бежиз эмас. Негаки, Мирбозор бозори “Муборак-Янгиер” ва “БГР-ТБА-А” магистрал газ қувурларининг 3 та тармоғи ўтадиган ҳудуд яқинида жойлашган. Ушбу магистрал газ қувурларининг асосий қисми 1965-1981 йилларда қурилганини эътиборга олсак, бу масалага жиддий эътибор қаратиш зарурлиги янада ойдинлашди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, автомобиллар тураргоҳи қувурга жуда яқин масофада жойлашган бўлиб, ёз-куз фаслларида бозор сотувчилари полиз маҳсулотлари билан қувурларнинг ҳимоя ҳудудида савдо қилишади. Бу эса одамлар ва уларга тегишли моддиятлар учун хавфли бўлиб, бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришга тўғри келади.
Самарқанд вилояти ва Нарпай туман фавқулодда вазиятлар хизмати, Нарпай туман ИИБ, ЙҲХБ, қўриқлаш хизмати масъуллари ва Мирбозор бозори раҳбарияти иштирок этган тарғибот тадбирида юқори босимли газ қувурида вужудга келиши мумкин бўлган авария ёки бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида автомобиллар тураргоҳини хавфсиз жойга кўчириш масаласига эътибор қаратилди. Атрофда мавжуд хавф ва тезкорликда кўрилиши зарур бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Газ қувурлари ҳақида огоҳлантирувчи баннер ўрнатилди.
Яна бир бор таъкидлаш керакки, юқори босимли қувурлар атрофидаги ҳудудлар хавфли ҳисобланади. Аҳоли саломатлиги ва уларнинг мол-мулкига зарар етмаслик учун қувурлар ҳимоя ҳудудларида бино ва иншоотларни қурмаслик ва агар бундай ҳудудда жойлашган ҳолатларда уларни зудлик билан кўчириш чорасини кўриш энг мақбул ечимдир.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА мухбири