Ёзги оромгоҳлар — болаликнинг ажойиб маскани
Мирзаобод туманидаги 21-сонли умумтаълим мактабида Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Мирзаобод туман бўлими ташаббуси билан ёзги соғломлаштириш мавсумини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда соҳа мутасаддилари, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда соғломлаштириш майдончалари масъуллари иштирок этишиб, жорий йилги ёзги соғломлаштириш мавсумини юқори савияда ташкил этиш, болалар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини оширишга доир устувор вазифаларни муҳокама қилишди.
Таъкидланганидек, ёзги соғломлаштириш мавсуми болалар учун нафақат дам олиш даври, балки уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, маънавий-ахлоқий дунёқарашини кенгайтириш, ватанпарварлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим тарбиявий жараёндир.
Жорий йилда Сирдарё вилоятида 4250 нафар ўқувчини ёзги соғломлаштириш тадбирлари билан қамраб олиш режалаштирилган. Уларнинг 2100 нафари Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Зомин” ҳамда Сирдарё туманидаги “Сирдарё” стационар болалар оромгоҳларида дам олишади. Қолган ўқувчилар эса вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимидаги 34 та умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган соғломлаштириш майдончаларига жалб этилади.
Мавсум давомида фан кечалари, интеллектуал викториналар, мушоиралар, спорт мусобақалари, китобхонлик тадбирлари ва турли ижодий танловлар ўтказилиши режалаштирилган. Бу болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидори ва қизиқишларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Семинарда мазкур вазифаларни самарали амалга ошириш, болалар хавфсизлигини таъминлаш ва тарбиявий ишлар мазмунини бойитиш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
[gallery-29847]
– Ёзги соғломлаштириш мавсуми болалар учун нафақат дам олиш, балки уларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний ривожланишини таъминлайдиган муҳим тарбиявий жараёндир. Шу боис ҳар бир оромгоҳ ва соғломлаштириш майдончаси фаолиятини юқори савияда ташкил этиш, болалар учун хавфсиз ва мазмунли муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда,– деди Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг таълим-тарбия йўналиши бўйича бўлим бошлиғи Хилола Назарбекова.
Мутахассислар фикрича, ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш болаларни турли салбий таъсирлардан асраш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА