Йоханн Заатхофф: “Ўзбекистондаги ўзгаришлар ёрқин келажак сари янги имкониятлар ва мустаҳкам замин яратмоқда”
Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлида эришган натижалари, кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини тобора юксалтирмоқда. Бу жараёнлар нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда барқарорлик ва ўзаро яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун ҳам янги имкониятлар яратмоқда.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланаётган “Ўзбекистон – Германия: 35 йиллик тараққиёт ва ҳамкорлик” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони – Германия Федератив Республикаси Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ) парламент давлат котиби Йоханн Заатхофф.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган интервьюда жаноб Йоханн Заатхофф мамлакатимизнинг сўнгги йиллардаги тараққиёти, амалга оширилаётган ислоҳотлар, Германия – Ўзбекистон ҳамкорлигининг устувор йўналишлари, шунингдек, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикр билдирди:
– Ўзбекистон сўнгги йилларда эътиборга молик ютуқларга эришди. Касб-ҳунар таълими, бандлик, давлат бошқаруви ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакат тараққиётига муҳим туртки берди. Албатта, бундай кенг кўламли ўзгаришлар ўз самарасини тўлиқ намоён этиши учун вақт ва муайян шароит талаб этади. Айниқса, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш, ҳуқуқий давлат институтларини мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш Ўзбекистон учун катта имкониятлар очмоқда. Германия, хусусан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги, ушбу трансформация жараёнини ишончли ҳамкор сифатида қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳар икки мамлакат учун муҳим бўлган келажакка йўналтирилган соҳаларга қаратилган. Масалан, ресурсларни бошқариш йўналишида BMZ сувдан самарали фойдаланиш учун зарур инфратузилмани ривожлантириш ва техник жиҳозлашга кўмаклашмоқда. Айниқса, иқлим ўзгариши тобора кучайиб бораётган шароитда сув ресурсларидан фойдаланиш тизимини Марказий Осиёнинг экологик талабларига мослаштириш жуда муҳим.
Ўзбекистон ёшларининг касбларга ўқитиш жараёнида иштирок этаётганимиздан мамнунмиз. Бу борада дуал ва амалиётга йўналтирилган касб-ҳунар таълими дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ёш мутахассисларни тайёрлайдиган корхоналар учун молиявий рағбатлантириш механизмларини яратиш учун хусусий сектор билан яқин ҳамкорликда ишламоқдамиз. Бундан ташқари, ёш мутахассисларга касб танлаш, профессионал йўналишни белгилаш ва меҳнат фаолиятини режалаштириш бўйича маслаҳат хизматларини ҳам таклиф қиляпмиз.
Минтақавий ҳамкорликка асосланган ёндашув ҳозирги кунда Германиянинг Марказий Осиёдаги ривожланишни қўллаб-қувватлаш фаолиятининг асосий пойдеворига айланган. Ҳозирги давр муаммолари иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан фойдаланиш ва энергетика масалалари миллий чегаралар билан чекланмайди, шу боис уларни фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали ҳал этиш мумкин. Яқин минтақавий ҳамкорлик давлатлар ўртасида кўприклар барпо этади, барқарорликни мустаҳкамлайди ва узоқ муддатли иқтисодий тараққиёт учун янги имкониятлар эшигини очади. Ўзбекистон бу борада салмоқли саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу эса бутун минтақа учун катта аҳамиятга эга.
Ўтган 35 йил мобайнида Ўзбекистон улкан трансформация йўлини босиб ўтди. Айниқса, мамлакатнинг минтақавий ва халқаро миқёсда иқтисодий жиҳатдан очилиши алоҳида эътирофга лойиқ. Кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар билан уйғун ҳолда амалга оширилаётган ушбу жараён бутун Марказий Осиё учун муҳим намуна бўлмоқда ва минтақада инновацияларни ривожлантиришга туртки бермоқда. Шу жиҳатлар туфайли ҳам Ўзбекистон бугун Германия ва Европа учун Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорга айланди. Бизнинг ҳамкорлик бир-биримиздан ўрганиш, глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш истагига асосланган.
Агар менга мамлакатни бир сўз билан ифодалаш имконияти берилса, “Янгиланиш ва тараққиёт” деган бўлардим. Сўнгги йиллардаги ўзгаришлар жараёни Ўзбекистон халқи, Марказий Осиё минтақаси ва халқаро ҳамкорлик учун янги имкониятлар эшигини очди. Бундай жараён, албатта, инсонда келажакка ишонч ва янги марралар сари интилиш руҳини уйғотади.
Ўзбекистон халқини давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин дилдан табриклайман. Ушбу қутлуғ сана мамлакат эришган ютуқларни муносиб баҳолаш, шу билан бирга, келажакка ишонч билан қараш учун яхши имкониятдир.
Мамлакатга бундан кейин ҳам тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт, янги муваффақиятлар тилайман. Биз ушбу тараққиёт йўлида келгусида ҳам Ўзбекистонни бажонидил қўллаб-қувватлашда давом этамиз.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА