Ёшларнинг халқаро имтиҳон харажатлари қоплаб берилди
Ўзбекистонда ёшларнинг билим олиши ва халқаро майдонда рақобатбардош бўлишини қўллаб-қувватлаш тизими янги босқичга чиқди.
Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан халқаро имтиҳонларда юқори натижа кўрсатган 74 минг 102 нафар ёшнинг жами 151 миллиард сўм имтиҳон харажатлари қоплаб берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан йўлга қўйилган ушбу дастур доирасида компенсация олганларнинг қарийб 79-80 фоизини 14–23 ёшдагилар ташкил этади.
Хусусан, 2025 йилда 17 минг 261 нафар ёшнинг имтиҳон харажатлари қопланган бўлса, 2026 йил якунигача 25 минг 850 нафарлик марра кўзда тутилган. Бир йилнинг ўзида яна 8 минг 589 нафар ёш. Бу, албатта, сезиларли ўсиш.
Хўш, имкониятдан кимлар кўпроқ фойдаланяпти? Энг катта улуш 18–23 ёшли йигит-қизларга тегишли. 14–17 ёшли 25 112 нафар ёш ҳам халқаро имтиҳонларда юқори натижа қайд этган. Демак, жами компенсация олганларнинг 79 фоизи 14–23 ёшдагилар. Бу эса болалар мактаб давридаёқ халқаро сертификатлар ва хорижий таълим имкониятларига жиддий тайёрланаётганини билдиради. Умумий ҳисобда имкониятдан 38 минг 503 нафар қиз ва 35 минг 599 нафар йигит фойдаланган.
Йўналишлар бўйича талаб юқори бўлган IELTS бўйича ҳозиргача 54 минг 48 нафар ёшга 125 миллиард сўм компенсация тўланган. SAT бўйича ҳам рақамлар талайгина. 9 минг 82 нафар. Демак, ёшларимиз мўлжални тобора баланд оляпти. Яна бир яхши тенденция - танлов кенгаймоқда: корейс тилидан TOPIK, хитой тилидан HSK, немис тилидан TestDAF, Goethe-Zertifikat каби халқаро имтиҳонлар ҳам компенсация тизимида ўз ўрнига эга бўлиб боряпти.
Қорақалпоғистоннинг шимолида бу имкониятга етиш учун IELTSдан 6 балл кифоя. Давлатимиз раҳбари қарорига кўра, 12 та ҳудудда доимий яшовчи ёшлар IELTSдан 6 ва ундан юқори ёки TOEFL’дан 60 ва ундан юқори балл олса, имтиҳон харажатлари қоплаб берилади.
Бир неча йил олдин минглаб ёшлар фойдаланган имконият бугун ўн минглаб ёшларни қамраб оляпти.
Гулноза Бобоева,
ЎзА