Ёшларга билим ва ерга меҳр улашиб
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Уйчи туманидаги Машад маҳалласида яшовчи Муроджон Дадахоновнинг асли касби ўқитувчи. У ҳудуддаги 20-мактабда ўқувчиларга рус тили фанидан сабоқ беради. Шу билан бирга, ярим гектар майдондаги деҳқон хўжалигида зарур турдаги барча маҳсулотларни етиштиради.
Шунингдек, мўъжаз боғда 20 турдаги 500 туп мевали дарахт мавжуд. Боғ қатор ораларидан самарали фойдаланиб, мўл ҳосил олмоқда.
Айни вақтда хўжаликда карам, картошка, саримсоқпиёз баравж ривожланмоқда. Иссиқхонада 30 минг туп етти хил навдаги помидор, 10 минг туп икки хил навдаги бодринг, 8 минг тупдан булғор қалампири, бақлажон, райҳон, 10 минг туп карам кўчати тайёрланмоқда. 3 сотих томорқада саримсоқпиёз, редиска етиштирилмоқда. 3000 туп терак қаламчаси ҳам парваришда.
Муроджон Дадахонов олти йилдан буён асаларичилик билан ҳам шуғулланади. Ҳозирда парваришда 120 та оила бор бўлиб, ўтган йили улардан бир тонна асал олинди.
Иброҳим Пўлатов ҳам Машад маҳалласидан, у ўзига қарашли 0,5 гектар майдондаги деҳқон хўжалигининг ҳар бир қарич еридан самарали фойдаланади.
[gallery-28409]
Боғда 150 туп бодом, 50 туп шафтоли мавжуд. Боғ қатор ораларининг 40 сотихида саримсоқпиёз, 5 сотихида картошка, карам етиштирилмоқда. 5 кишининг доимий, мавсумда эса 10 кишининг бандлиги таъминланган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА