“Ёшлар ва туризм” кўчаси иш бошлади
Шўрчи туманидаги Гулистон маҳалласида сўлим ва замонавий “Ёшлар боғи” барпо этилиб, “Ёшлар ва туризм” кўчаси фойдаланишга топширилди.
Ёшларнинг бўш вақтини сермазмун ўтказиши ва туризмни ривожлантириш мақсадида 24/7 режимда ишлайдиган янги масканда турли тадбирлар ташкил этиш ва мароқли сайр қилиш, ўғил-қизларнинг ўз истеъдодини кенг намойиш этиши учун барча қулайлик яратилди. Иккита мини стадион, 250 ўринли томошагоҳ, "Warkout", баскетбол, волейбол ва ҳарбий-ватанпарварлик мусобақалари ўтказиш учун мўлжалланган майдонлар, амфитеатр бунёд этилди. Кўча бўйлаб қарийб 3,5 километр узунликда велойўлак, гулчилик ва кўчатчиликка ихтисослашган иссиқхона қурилди.

Бу ерда ўғил-қизлар ўзларини қизиқтирган касб-ҳунарни чуқур ўрганиши учун ҳам етарли шароит барпо этилди.

– Маҳалламизда ташкил этилган бу маскан биз ёшларнинг бўш вақтимизни мазмунли ўтказиб, орзу-истакларимизни рўёбга чиқаришимизга кўмаклашади, – дейди Дилнура Абдурасулова. – Тўгаракларда қатнашиб, спорт билан шуғулланамиз. Мени адабиёт тўгараги ташкил этилгани жуда хурсанд қилди. Ёшлар боғига ўрнатилган жадид боболаримиз, буюк алломаларимиз, ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган шоир ва ёзувчиларимиз ҳақидаги қизиқарли маълумотлар бизни улуғ аждодларимиз каби изланувчан ва Ватанга содиқ фарзандлар бўлишга етаклайди. Бу шароитдан унумли фойдаланиб, тенгдошларимиз билан мушоира кечалари, баҳри-байт мусобақалари ўтказиб, билимларимизни яна мустаҳкамлаймиз.

Тадбирда ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи-ёшларнинг чиқишлари намойиш этилди. Ҳудудда ташкил этилган боғга “Яшил макон” умуммиллий дастур доирасида дарахт кўчатлари экилди.

Тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири