“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси табиатни асраш билан бирга аҳоли саломатлигини муҳофаза этишда муҳим омил бўлмоқда.
Куз фаслининг сўнгги ойида мазкур ҳаракат жадаллик билан олиб борилаётгани, бу ташаббус минг-минглаб юртдошларимиз қатори спортчиларимизни ҳам қамраб олаётгани айни муддао бўлмоқда.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилган оммавий кўчат экиш акцияси жаҳон спорт майдонларида Ватанимиз шарафини улуғлаб келаётган спортчиларни табиат қўйнига чорлади.
Улар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган “Ёшлар ва спортчилар боғи”ни яратишда иштирок этиб, ниҳолларни ерга қадади.
Айтиш керак, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизими, шунингдек, спортчи ва ёшлар доирасида уюштирилган “Яшил макон” лойиҳаси нафақат пойтахтимизда, қолган 13 та ҳудудда ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. 30 мингга яқин спорт ва ёшлар ташкилотларининг вакиллари, спортчилар, Олимпия ва жаҳон чемпионлари, терма жамоа мураббийлари ушбу хайрли ташаббусда қатнашди.
Биргина Бўстонлиқда илк тамал тоши қўйилган “Ёшлар ва спортчилар боғи”га 2,5 мингта кўчат экилди. Жойларда яна юзлаб ниҳоллар айнан спортчилар томонидан қадалди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА