Ёшлар сиёсати масаласида олиб борилаётган ташаббусларга камарбаста бўлаётган ота-оналар
Президент билан мулоқотдан сўнг...
Ўзини ўзи мақтаётган инсон четдан қараганда жуда ғалати кўринади. Катта даврада ўз боласини кўкларга кўтараётган кимсанинг гаплари ҳам дуруст эмас. Кишининг ютуқларини бошқалар эътироф этса, бу бошқача.
Энди эса мактабдаги мажлисда фарзандини тарбияли ва аълочи дейишганига боши осмонга етган отанинг ҳолатини тасаввур қилинг. Институтга ўқишга киргани учун маҳалласида эътироф этилаётган йигитчада катта-катта режалар пайдо бўлгани ўзгача ҳиссиёт. Чин ва ўрнида қилинган рағбат юксак мақсадларга етишда ўзига хос куч бўлади.
Яқинда давлат раҳбари шахсан эътироф этаётган ёшларнинг кўзларидаги оловни кўрдик. Улардаги ғайратни биз – атрофдагилар ҳам туйгандай бўлдик. Шу даврада бўлган ота-оналарнинг фарзандларидан ғурурланиб, кўзларига ёш олганига гувоҳмиз.
Кўксарой қароргоҳида 14 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ёшлари билан мулоқоти бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда ташаббускор ва иқтидорли йигит-қизларнинг ота-оналари ҳам иштирок этди. Уларнинг баъзилари билан суҳбатлашдик.

– Йиғилишда ўғлим Парвиз Туксановнинг халқаро “SAT” имтиҳонида рекорд натижа қайд этгани алоҳида таъкидланди, – дейди Феруза Нуриддинова. – Давлатимиз раҳбари менга қараб, шундай фарзандни вояга етказганингиз учун сиздан миннатдормиз деди. Она учун боласининг ортидан мана шундай эътироф эшитишдан ортиқ бахт борми? Бу учрашув бутун мамлакатимиз ёшлари ва ота-оналар учун тарихий кун бўлди. Оиламизда болалар таълим-тарбиясига йўналтирган инвестициямиз самара бера бошлади. Бугун мамлакатимизда эртамиз эгалари камолоти учун сарфланаётган маблағлар, алоҳида ғамхўрлик кўп ўтмай катта-катта натижаларини кўрсатади. Учрашувда ўғил-қизларимиз учун тақдим этилаётган имкониятларни эшитиб, ўзимнинг ҳам ёш бўлиб қолгим келди. Биргина мисол, олий таълимни тамомлаган ёшларни иш билан таъминлашда кўпинча масала бўлган. Бу муаммога битирувчи пайтимда ўзим ҳам дуч келганман. Йиғилишда олийгоҳни тамомлаётганлар бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим яратилаётгани айтилди. Масъул вазирлик ва ташкилотлар билан биргаликда битирувчиларнинг ташаббуслари лойиҳага айлантирилади. Бунинг учун тегишли маблағ ҳам ажратилар экан.
Дарҳақиқат, йиғилишда ҳозирги вақтда дунёдаги “ТОП” олийгоҳларда 1 минг 500 нафардан зиёд талабаларимиз таҳсил олаётгани қайд этилди. Тан олиш керак, бу Ўзбекистон учун тарихда кузатилмаган воқелик.
– Гарвард университети талабаси, «Ибрат дебат» лойиҳаси раҳбари Азизбек Зайлобиддиновнинг онасиман, – дейди Малика Рашиддинова. – Президент йиғилишда ёшларга уларнинг Учинчи Ренессанс пойдеворини қўювчи куч эканликларини яна бир бор эслатди. Бу иқтидорли, мамлакат раҳбари ишонаётган ўғил-қизлар орасида менинг ҳам фарзандим борлигидан ғурурландим. Қалбим ҳаяжонга тўлди. Бу туйғу ҳали мени тарк этгани йўқ. Ёшларга бўлаётган бундай ғамхўрлик ва муносабат мамлакатимизда таълим-тарбия жараёнига бўлаётган эътиборнинг ёрқин белгиси. Таълимга эътибор эса мамлакат истиқболига дахлдор масала саналади. Ўғлим келгусида ривожланган давлатларнинг таълими ва тажрибасини яхши ўзлаштириб, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишига ишонаман.
Шу ўринда бир маълумот, илгари олий таълимда бир ўрин учун камида ўн нафар йигит-қиз кураш олиб борар эди. Қисқа даврда олийгоҳлар сони уч баробар оширилди. Тизимда қамров 42 фоизга етди.
Хотин-қизларга контракти давлат томонидан қоплаб берилаётгани ҳисобига талаба-қизлар сони ўн бир карра кўпайди.
Президент йиғилишда битта қизни ўқитсак, бутун оилани ўқитган бўламиз, деди. Оила билимли, маърифатли бўлса, бутун жамият билимли, маърифатли бўлади. Бу борадаги ишлар янада жадал давом эттирилиши алоҳида қайд этилди.

– Қизим Нурзида Исаева санъатни яхши кўради, қўшиқ ижро қилади, – дейди Салтанат Мўминова. – Болам ҳали ёш, лекин уни кўпчилик куйлаган қўшиқлари орқали танийди. Президентимиз ҳам қизимга мен сизни биламан дедилар. Бу фарзандимга қанчалар қувонч бағишлаганини тасаввур қила олмайсиз. Сизларнинг тимсолингизда Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорларини кўряпман дедилар. Ёшларни халқимизнинг олтин фондига қиёсладилар. Президент шу ёшларга, мард ва матонатли халқимизга ишонгани учун катта-катта мақсадлар йўлидан дадил бораётганини айтдилар. Учрашув ёшларга катта имкониятлар ва ўзига хос илҳом берган кун бўлди. Шу ўринда ота-оналарга фарзандингизга сиз ҳам ишонч билдиринг, вақт ажратинг, таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қилинг, дегим келяпти. Президентимизнинг ёшлар масаласида олиб бораётган оқилона сиёсатига биз катталар камарбаста бўлишимиз керак.
Президент учрашув сўнгида ёшлар билан маслаҳат ва мулоқотни ўз фаолиятида асосий мезонлардан бири, деб билишини алоҳида таъкидлади. Ўғил-қизларни Ватанимизни ҳар томонлама ривожланган, гўзал ва фаровон мамлакатга, Учинчи Ренессанс диёрига айлантиришда олдинги сафларда бўлишга чорлади. Ёшларнинг бу чақириққа лаббай деб жавоб бергани эса уларнинг юз-кўзларидан, фикрларидан яққол кўриниб турибди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири