Ёшлар синовдан ўтди
Сирдарё вилоятида ўқувчи-ёшлар ўртасида жасорат, интизом ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган “Жасорат учқунлари” ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақасининг ҳудудий босқичи катта тайёргарлик ва юқори руҳий кўтаринкилик билан ўтди.
Ушбу лойиҳа доирасида “Жасорат мактаблари”нинг 5-9-синф ўқувчилари жамоавий тарзда беллашиб, ўз билим ва кўникмаларини бир неча йўналишларда синовдан ўтказди. Ҳар бир жамоа 8 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, улар нафақат жисмоний, балки интеллектуал ва амалий тайёргарлик бўйича ҳам ўз имкониятларини намоён этди.
Беллашувлар саф тайёргарлиги, тиббий кўникмалар, робототехника, ҳуқуқий саводхонлик ҳамда миллий спорт ўйинлари йўналишларида ташкил этилди. Ушбу босқичларда ёшларнинг интизоми, тезкор фикрлаши, жамоада ишлаш қобилияти ва жисмоний чидамлилиги синовдан ўтди.
[gallery-28941]
Мусобақа давомида иштирокчилар ғалаба учунгина эмас, балки ўзаро ҳамжиҳатлик, масъулият ва интизомни намоён этиш учун ҳам беллашди. Ташкилотчилар таъкидлаганидек, бу каби тадбирлар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳаётий кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳудудий босқич якунларига кўра, энг юқори натижа Мирзаобод туманидаги 3-мактабнинг “Жасорат” синфи ўқувчиларига насиб этди. Иккинчи ўрин Гулистон шаҳридаги 16-мактабнинг “Жасорат” синфи ўқувчиларига, учинчи ўрин эса Ховос туманидаги 1-мактабнинг “Жасорат” синфи ўқувчиларига берилди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Биринчи ўрин соҳибларига мусобақанинг бош соврини — кубок топширилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА