Аввал хабар берилганидек, айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига сайловлар бўлиб ўтяпти. Сиёсий партиялар томонидан фаол ва ташаббускор ёшларни саралаб олиш жараёнлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ҳам партия дастурий ғояларини қўллаб-қувватлайдиган, сиёсий-ҳуқуқий жараёнларга қизиқадиган ёшлар орасидан Ёшлар парламенти учун муносиб кўрилганлари сараланмоқда. Бугун партия Марказий кенгашида биринчи ва иккинчи босқичда сараланган номзодлар учинчи босқичда иштирок этмоқда.

Саралашда Марказий кенгаш ва фракция аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи номзодларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимлари, “Миллий тикланиш” тарихи, мақсади ва вазифалари, дастурий лойиҳалари, ёшларга оид қонунчилик жараёни билан боғлиқ масалаларда билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди. Ёш номзодлар сиёсий билим ва малакасини кўрсатиш баробарида ўзларининг сайловолди дастурини ҳам тақдимот қилди.
Маълумот ўрнида шуни қайд этиш лозимки, Ёшлар парламентига қизиқувчи ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бу гал Ёшлар парламентига аъзолик учун партияга 1 минг 188 та ариза келиб тушган. Саралашдан ўтган 70 нафар номзод республика босқичига йўлланмани қўлга киритган. Келажагимиз эгалари бўлган ёш йигит-қизлар ушбу босқичда ҳам ўзларининг билими, тафаккури, сиёсий дунёқараши, партия ғояларига хайрихоҳлигини намоён этди.
М.Комилова, ЎзА