Ёш теннисчимиз Қирғизистонда бош совринни кўзламоқда
Қирғизистондаги халқаро теннис турнирида Алан Зинатулин Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Унинг ғалабали юриши давом этади.
Қирғизистонда Халқаро теннис федерацияси томонидан ўсмирлар ўртасида J60 таснифига кирувчи “Cholpon-Ata” халқаро турнири ўтказилмоқда. Мазкур мусобақада мамлакатимиз шарафини Алан Зинатулин муносиб ҳимоя қилмоқда.
Алан мусобақанинг яккалик баҳслари биринчи даврасида нейтрал теннисчи Ярослав Беганский билан рақобатлашиб, 6:3, 6:3 ҳисобида зафар қучди. Энди у чорак финал йўлланмаси учун қозоғистонлик Даниел Вилсимга қарши кортга чиқади.
Шунингдек, Алан Зинатулин турнирнинг жуфтлик беллашувларида қозоғистонлик шериги Арафат Мустафа билан тандемда нейтрал мақомдаги Георгий Пронин ва Иван Скнаринни 6:2, 7:5 ҳисобида енгди ва чорак финалда исроиллик Артем Голиков ва беларуслик Иван Притула дуэтини синовдан ўтказадиган бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА