Бугун Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев пойтахтимиздаги ёш тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг бизнес режалари билан танишди.
Мазкур учрашув давлатимиз раҳбари 30 июнь куни ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотида илгари сурилган ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таклиф ва ғояларини амалиётга татбиқ этиш бўйича аниқ йўналишлар белгиланди.

Мулоқотда нафақат даромад олиш, балки жамиятга фойда келтирадиган ва халқ манфаатига хизмат қиладиган турли лойиҳалар тақдим этилди. Хусусан, озиқ-овқат, кийим-кечак, маиший хизматлар, маданий ҳордиқ, замонавий технологиялар ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди.

Ёшлар ўз ғояларини рўёбга чиқариш ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ва “Ёшлар Вентурес” жамғармалари орқали молиявий кўмак олиш имкониятларини муҳокама қилди.
Суҳбатда ҳар бир ташаббус атрофлича кўриб чиқилди, аниқ тавсиялар берилди.

Б.Худойбердиев, ЎзА