Ёш тадбиркор ўз бизнесини йўлга қўйди
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Бухоро вилояти Қоракўл тумани “Қуйи Янгибозор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ёш тадбиркор Сирож Бақоев ҳам ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланганлардан биридир. У туман ҳокими билан ўтказилган учрашувлардан бирида ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдириб, имтиёзли банк кредити ажратишда амалий ёрдам сўраган эди.
Мазкур мурожаат эътибордан четда қолмади. Туман ҳокими томонидан масъул ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди ва қисқа муддат ичида масала ижобий ҳал этилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Сирож Бақоевга 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли банк кредити ажратилди.

Ушбу молиявий кўмак ёш тадбиркорнинг ўз бизнесини бошлаши учун пойдевор бўлди. Бугунги кунда у эшик ва дераза ромлари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиб, маҳаллий бозорга сифатли маҳсулотлар етказиб бермоқда. Қисқа вақт ичида маҳсулотлар харидорлар эътиборини қозонди.
Энг муҳими, ушбу ташаббус орқали яна 3 нафар ёшнинг доимий иш билан таъминланишига эришилди.
Туман ҳокими Хуршид Тоҳиров мазкур тадбиркорлик субъекти фаолияти билан яқиндан танишиб, ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирди. Суҳбат давомида ишлаб чиқариш қуввати, маҳсулот сифати ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди. Ҳоким ёш тадбиркорнинг интилиш ва саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, фаолиятни янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давом эттирилишини таъкидлади.

—Бугун ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш керак, —дейди ёш тадбиркор Сирож Бақоев. —Мен ҳам ушбу имкониятлардан фойдаланиб, ўз бизнесимни бошладим. Илк қадамлар албатта осон бўлмади, лекин давлат томонидан берилган имтиёзли кредит ва амалий ёрдамлар туфайли ишимни йўлга қўйдим. Келгусида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириб, кўпроқ ёшларни иш билан таъминлашни мақсад қилганман.
Бу каби амалий қўллаб-қувватлаш механизмлари ёшларнинг ишбилармонлик салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА