“Ёш китобхон оила” танлови ғолиблари аниқланди
Мамлакатимизда китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этиш, илмга чанқоқ ёшлар ва китобсевар оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётган “Ёш китобхон оила” танловининг 2025 йилги республика босқичи якунига етди ва энг билимдон оилалар номи маълум бўлди.
Кучли интеллектуал салоҳият, кенг мутолаа ва пухта тайёргарликни талаб этган ушбу нуфузли беллашувда иштирокчилар билим ва зеҳн синовидан ўтишди. Муросасиз баҳслардан сўнг энг кучли китобхон оилалар муносиб тақдирланди.

1-ўринни Тошкент вилоятидан Эшонқуловлар оиласи эгаллади. Улар мутлақ ғолиб сифатида “Президент совғаси” — “BYD” электромобилини қўлга киритди.
2-ўринга эга чиққан Тошкент шаҳридан Сатторовлар оиласи 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
3-ўрин — Андижон вилоятидан Маҳаммаджоновлар оиласига насиб этди. Улар 30 миллион сўм пул мукофотига сазовор бўлди.

Шунингдек, ушбу нуфузли танловнинг финал босқичигача етиб келган барча иштирокчи оилалар ҳам эътибордан четда қолмади. Уларга 10 миллион сўмдан пул мукофоти ҳамда қимматли китоблар тўплами топширилди.

Бундай танловлар юртимизда китобхонлик анъаналарини мустаҳкамлаш, оилаларда мутолаа муҳитини шакллантириш ва ёш авлодни билимга чорлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Н.Раҳмонова, ЎзА