Қарши шаҳридаги Ҳарбий авиация институтида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши, Қарши ҳарбий прокуратураси ҳамда вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамкорлигида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Мазкур тадбирда вилоятдаги турли куч тузилмаларида фаолият юритаётган ёш ҳарбий хизматчилар ва ходимлар қатнашиб, ўз билим савияси ва интеллектуал салоҳиятларини яна бир бор намоён этди.
Ёшларнинг мамлакат миқёсидаги сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатини шакллантириш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг бой маънавий мероси, умумбашарий цивилизация ва маданият, дунёвий ҳамда диний илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссасини кенг тарғиб этиш, шунингдек, улуғ аждодларимизнинг ноёб асарларини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш мақсадида махсус интеллектуал беллашув ташкил этилди.

Мазкур тадбир ёш ҳарбий хизматчиларнинг Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт тўғрисидаги билим ҳамда тушунчаларини янада мустаҳкамлаш, уларда китобхонликка бўлган қизиқишни ошириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, шу билан бирга касбий маҳоратини юксалтиришга қаратилди.

Беллашув жараёни баҳс-мунозараларга бой, қизиқарли ва юқори руҳда ўтди.
Танловда куч тузилмалардаги ҳарбий қисм ва муассасаларнинг 10 та жамоага бирлашган 60 нафар ёш ҳарбий хизматчи ва ходимлари иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, “Вилоят ички ишлар бошқармаси” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб ғолибликни қўлга киритган бўлса, 2-ўрин “Вилоят божхона бошқармаси” жамоасига, 3-ўрин эса “Ҳарбий авиация институти” жамоасига насиб этди.

Ғолиб жамоалар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири