Ёпиқ дренаж қуриш вақти келмадими? (+видео)
Президентимиз магистрал йўл ёқаларидаги зовурларни ёпиқ дренаж тизимига ўтказиш ва ўрнида хизмат кўрсатиш инфратузилмасини барпо этиш орқали янги иш ўринлари яратиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Ёзёвон туманини А-3 Андижон – Тошкент халқаро йўли қоқ иккига бўлиб ўтади. Йўлнинг ҳар икки томонида бесўнақай зовурлар қамиш билан ёпилган эди. Ҳокимият томонидан танлов ташкил этилиб, ғолиб тадбиркорларга маълум қисм – ҳар бири 100 метргача узунликдаги зовурлар топширилди.

Тадбиркорлар аввало мазкур ҳудудни тозалашди, сўнг эса ёпиқ дренаж учун махсус қувурлар ўрнатилди. Устки майдонларда эса хизмат кўрсатиш шохобчалари, автомобил устахоналари ва ошхоналар қурилмоқда.

Ҳаммаси қонуний ва қоидали амалга оширилмоқда. Зовурларнинг очиқ бўлган қисми бугун ёпиқ дренаж ҳолатда ишлаб турибди. Ўзлаштирилган майдонда эса қўшимча иш ўринлари барпо этиляпти.
Бу тасвирлар Бешариқ туманининг Янги ҳаёт маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Шаббода кўчаси эди. Уни ўтган замон феълида айтаётганимизнинг боиси бор албатта. Катта йўл ёқасидаги зовур ёввойи ўт босиб кетган, сув кўлмаклашганда ачқимтир ҳид тарқатар эди. Туман ҳокимлиги ташаббуси, маҳалла аҳли, фаоллар, депутатлар билан кенгашиб бу ерни роҳатижон сайлгоҳга айлантирдилар. 3,5 млрд сўм сарфлаб бир километрдан ортиқ зовурга махсус қувурлар кўмилди ва очиқ дренаж ёпиқ дренажга ўтказилди.

– Бу йўлагимиз 1100 метр. Устини тўлиқ беркитиб, 1500 дан ортиқ турли хил ноёб манзарали дарахтлар экдик, – дейди Бешариқ тумани ҳокими ўринбосари Отабек Алиматов. – Имконияти чекланган фуқаролар учун алоҳида йўлак ташкил этилди. Ёритиш тармоқлари тўлиқ қуёш панеллари орқали электр энергияси билан таъминланди.

Бу икки мисолдан сўнг мелиорация соҳаси мутахассислари ҳисоб китоб қилишса, Фарғона вилоятида жами 15 минг километр очиқ зовур бор экан. Зовур ва икки ёнидаги йўлак юзаси жами 30 метр бўлганида ҳам 45 минг гектар майдонни ташкил этар экан. Хўш, унинг ўн фоизини ёпиқ дренаж усулига ўтказилса-чи? 4,5 минг гектар қўшимча ер пайдо бўлади. Унда нафақат тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш, балки полиз, сабзавот, ҳатто пахта ва ғалла экиб деҳқончилик қилиш мумкин, дейди мутахассислар. Шундай экан, ички қўрқувни тарк этиб, ёпиқ дренажлар қуриш вақти келмадими?
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/pgLSmS67_-c" title="Yopiq drenaj qurish vaqti kelmadimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА мухбирлари