Йил охирида Ал-Нинё кузатиладими?
АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқоти бошқармаси (NOAA) тарқатган хабарга кўра, октябрь-декабрь ойларида Ал-Нинё ҳодисаси кучи тарихий даражага кўтарилиши эҳтимоли тахминан 70 фоизни ташкил этмоқда.
Шу даврда иқлим ўзгариши жадаллиги цельсий ўлчами бўйича меъёрдан 2,5 даража юқори бўлиши эҳтимоли 69 фоизга тенглашади. Агар тахмин тасдиқланса, бўлажак ҳодиса NOAA тадқиқот олиб бора бошлаган 1950 йилдан кейинги энг кучли даражага чиқади.
Олимлар таъкидлашича, янги аномалия илгари кузатилган энг оғир даврлар, жумладан 1982-1983 ва 1997-1998 йиллардаги кўрсаткичдан ўтиб кетади. Бундай миқёсдаги Ал-Нинё дунёнинг айрим ҳудудларида кучли ёғингарчилик ва сув тошқинига сабаб бўлса, бошқа минтақалар, хусусан Австралия ва Индонезияда қаҳратон қурғоқчилик хавфини туғдиради. Жанубий Америка, Африка ва АҚШнинг айрим туманларида ҳам об-ҳаво шароити кескин ўзгариши кутиляпти.
Бинобарин, мутахассислар ҳатто рекорд даражадаги Ал-Нинё ҳам муайян ҳудудда аниқ бир оқибат юзага келишини кафолатламаслиги, маҳаллий иқлимга атмосферадаги бошқа ҳодиса ёки жараён ҳам таъсир ўтказиши мумкинлигини эслатиб ўтган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА