Қонунчиликда амалдаги тартиб-қоидаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига эквиваленти 100 миллион сўмгача бўлган нақд хорижий валюта пулларини божхона назорати қоидаларига риоя этилган ҳолда олиб чиқишга рухсат этилган. Бироқ ушбу нормани четлаб ўтиб, қонунни менсимаган айрим шахслар учраб тураётганлиги афсусланарли.
Яқинда Наманган вилояти божхона бошқармаси “Косонсой” чегара божхона постида навбатдаги ана шундай қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Қўшни Қирғиз Республикасига чиқиб кетаётган йўловчи божхона назоратидан ўтаётган вақтда ўзининг шубҳали хатти-ҳаракатлари билан ходимларнинг эътиборини тортган.
Гумонланувчи белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилганида, унинг эгнидаги кийими орасида оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва декларацияланмаган белгиланган меъёрдан ортиқча 5 минг 200 АҚШ доллари нақд хорижий валюта пуллари борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.