Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаев 9 июнь куни Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, олимлар, маҳалла фаоллари, таълим, тиббиёт соҳаси вакиллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Дастлаб номзоднинг ишончли вакили учрашув қатнашчиларига Абдушукур Ҳамзаевнинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаев сайловчиларни ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан таништирди.
Сайловолди дастури партиянинг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг ҳолда ишлаб чиқилиб, унда мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали аҳолимизнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда фаровон жамиятни барпо этиш асосий мақсад этиб белгиланганлиги таъкидланди.
Жумладан, давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси” ишлаб чиқилади. Экология соҳасидаги тарқоқ қонунчилик ҳужжатларини кодификация қилиш орқали табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тартиби ва талаблари ягона соҳавий кодекслар, хусусан, Экология кодекси, Сув кодекси, Ўрмон кодексида мустаҳкамланади.
[gallery-12278]
Шаҳарлар Бош режаларини тузишда уларда яшил майдонлар камида 30 фоизни ташкил этиши, янги турар жойлар қурилишида “яшил зоналар” аҳолининг сонига мутаносиб равишда бўлиши зарурлиги талаби қонунчиликда белгиланади.
Яшил ҳудудлар, тоғ ён бағирлари, дарё ва кўллар соҳилларидаги ҳар қандай қурилишлар экологик экспертиза ва жамоатчилик назоратидан сўнг амалга оширилиши таъминланади.
Хавфли чиқиндилар, тиббиёт ва биологик ҳамда қурилиш чиқиндиларини бошқариш ва қайта ишлашни тартибга солувчи “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинади.
Биологик хилма-хиллик ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари муҳофазасини кучайтириш мақсадида тегишли қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилади.
Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг сайловолди дастуридан ҳаётий муҳим масалалар ўрин олгани, халқимиз, жамиятимиз, давлатимиз фаровонлиги билан боғлиқ ташаббуслар илгари сурилаётгани, ушбу ташаббуслар бугунги кундаги долзарб муаммолар ечимига йўналтирилган бўлиб, уларни амалга ошириш мамлакатнинг барқарор ривожланишига, халқнинг фаровон ҳаётига замин яратишини таъкидлашди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА