“Яшил энергетика” – фаровонлик асоси
Кейинги йилларда аҳоли турмуш даражаси ўсиб, электр техникаларидан фойдаланиш кўпаймоқда.
Хусусан, сўнгги 5 йилда электр энергияси истеъмолчиси бўлган тадбиркорлар сони 25 фоизга, уларнинг истеъмол ҳажми эса 30 фоизга кўпайган.
Сир эмаски, кейинги йилларда дунёда “яшил” энергетикага ўтиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишни ҳаётнинг ўзи кун тартибига қўйяпти. Йилнинг ўртача 320 куни қуёшли бўлган заминимизда қуёш энергиясидан фойдаланиш қандай иқтисодий самарадорлик келтириши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, мамлакатимизда қуёш станцияларини қуриш орқали жами 600 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин. Бу республикамизнинг электр энергияга бўлган эҳтиёжидан 8 баробар кўп деганидир. Аммо яқин-яқингача мамлакатимизнинг улкан имконияти эътибордан четда қолаётган эди.
Бугунги кунгача газ, нефть каби углеводородлар энергиясидан фойдаланиш кенг тарқалган. Лекин уларнинг захиралари чекланган. Шу боис мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари ривожлантирилмоқда.
Кейинги йилларда бу борада йирик лойиҳаларга қўл урилаётгани эса таҳсинга сазовордир. Республикамизнинг устувор йўналишлардан бири барчамиз учун глобал масалага айланаётган электр энергиясининг зарурлиги ва ундан оқилона фойдаланиш, арзон, ишончли, барқарор ва замонавий энергетикани жорий этиш чораларини кўришдан иборатдир. Аҳолини сифатли ва узлуксиз энергия манбалари билан таъминлашда, аввало давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш, барқарор инвестицион лойиҳаларни жалб қилиш зарур.
Президентимиз Навоий вилоятига ташрифи чоғида Кармана туманида барпо этилган 100 мегаватт қувватли мамлакатимиздаги биринчи йирик илк қуёш фотоэлектр станциясини рамзий ишга туширди. Мазкур мажмуа қурилиши ўтган йили бошланган эди. Унинг доирасида 110 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилди. Бу лойиҳа амалга ошиши билан 80 миллион куб/метр табиий газ иқтисод қилинади ва бу газ аҳоли уйларига боради. Энг муҳими, 160 минг тонна заҳарли газлар ҳавога тарқалишининг олдини олади. Бу эса том маънода, Ўзбекистонни “яшил иқтисодиёт”га ўтишида биринчи қадам бўлиб, давлатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигига муносиб совға бўлди, десак муболаға эмас.
Ушбу станция янги соҳа ривожида мутлақо янги даврни бошлаб бермоқда. Бу ерда йилига 252 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу станциянинг аҳамияти шундаки, аҳоли ва саноатнинг ўсиб бораётган эҳтиёжини барқарор энергия билан таъминлайди. Нархи ҳам арзон – 1 киловатт соат учун 2,67 АҚШ центи. Яна бир муҳим жиҳати, бундай лойиҳалар туфайли юртимизда янги ишлаб чиқариш йўналишлари, замонавий технологиялар пайдо бўлмоқда. Бу ишлар давлатимиз раҳбарининг узоқни ўйлаб олиб бораётган оқилона сиёсатининг яна бир амалий натижасидир.
Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида энергетика соҳасини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб, мазкур йўналишда амалга ошириладиган лойиҳа ва режаларни бирма-бир санаб ўтган эди. Хусусан, иқтисодий фаоллик ва аҳоли даромадлари ўсгани сайин, энергия ресурсларига бўлган талаб ҳам ортиб бориши, нефт-газ ва энергетика соҳаларидаги ислоҳотларни, бошланган йирик лойиҳаларни якунига етказиш лозимлиги таъкидланган эди.
Ҳақиқатдан ҳам, юртимизда энергетика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш масалаларида буткул янги тизим ташкил этиш бўйича Президентимиз раҳбарлигида сўнгги йиллар ичида кўплаб йиғилиш ва учрашувлар ўтказилди. Тегишли қонунлар, халқаро битимлар, қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Биргина энергетика соҳасида жорий йил якунига қадар умумий қуввати 1 минг 800 мегаваттга тенг бўлган иссиқлик ва қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.
Ҳозирги кунга келиб энергетика соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида қиймати 7,4 миллиард долларлик 19 лойиҳа амалга оширилиб, шундан бугунги кун ҳолатида 12 лойиҳа бўйича битимлар имзоланган. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми 14 минг мегаваттдан 15 минг 800 мегаваттга етказилади. 2016 йилга нисбатан ўсиш кўрсаткичи эса 52 фоизни ташкил қилади.
Тошкент вилояти Қибрай туманида 240 мегаваттдан 2 та ва 230 мегаваттга тенг 1 та, Хоразм вилоятида 174 мегаватт, Бухоро вилоятида 270 мегаватт, Қашқадарёда 220 мегаватт қувватга эга иссиқлик электр станциялари, Самарқанд вилоятида умумий қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш электр станцияси ишга туширилиши арафасида турибди. Шу билан бирга, Сурхондарёда 38 мегаваттга тенг “Зарчоб-2” ва Тошкент вилоятида 8 мегаваттга тенг “Камолот” гидроэлектр станциялари ишга туширилади.
Н.Насриев, ЎзА