Япониянинг йирик меҳмонхона бренди Ўзбекистон бозорига кириши мумкин
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасида Япониянинг халқаро меҳмонхона бошқаруви соҳасида фаолият юритувчи “Seibu Prince Hotels & Resorts” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда меҳмонхона инфратузилмасини янада ривожлантириш, халқаро меҳмонхона брендларини мамлакат туризм бозорига жалб қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда меҳмондўстлик соҳасида илғор халқаро тажрибани жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда туризм соҳасида эришган натижалари, туристик инфратузилмани модернизация қилиш, янги меҳмонхона лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда мамлакатда халқаро меҳмонхона брендлари фаолиятини кенгайтириш учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
“Seibu Prince Hotels & Resorts” Япониянинг “Seibu Group” таркибидаги йирик меҳмонхона ва курортлар бошқаруви компанияларидан бири ҳисобланади. Компания Япония ва хорижда меҳмонхоналар, курортлар, гольф ва бошқа дам олиш объектларини бошқаради. Унинг тармоғида 100 дан ортиқ меҳмонхона мавжуд бўлиб, 13 та мамлакатда фаолият юритади. Компания глобал тармоғини кенгайтириб, меҳмонхоналар сонини 250 тага етказишни мақсад қилган.
Музокараларда компаниянинг халқаро меҳмонхона бошқаруви, маркетинг ва сервис соҳасидаги тажрибасидан Ўзбекистонда самарали фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти юқори бўлган ҳудудларида замонавий меҳмонхона объектларини ташкил этиш, халқаро брендларни жалб қилиш, меҳмонхона бошқарувига илғор технологиялар ва хизмат кўрсатиш стандартларини татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, меҳмонхона бизнеси бўйича тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш ва профессионал кўникмаларни ошириш, шунингдек, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА