Янгиҳаёт туманида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида юртимиз бўйлаб зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларга баҳо бериш мақсадида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурҳонов ҳамда Солиқ қўмитаси раиси Ф.Пўлатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганишлар давомида туман мутасаддилари билан бирга маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда профилактика ишлари самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилинди.

Жумладан, “Янги турмуш” ва “Янги Чоштепа” маҳалла фуқаролар йиғини биноларида тасдиқланган “йўл харитаси” доирасида белгиланган вазифаларнинг ижроси атрофлича ўрганилди.
Шу билан бирга, масъул раҳбарлар томонидан “маҳалла еттилиги” билан очиқ мулоқот ўтказилиб, жойлардаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.
Мулоқотлар давомида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика ишларини манзилли ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ўрганишлар якунлари бўйича масъул ташкилот ва идоралар раҳбарларига тумандаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, “йўл харитаси”да белгиланган устувор вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА