Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!
Андижон вилояти Булоқбоши тумани маданият ва истироҳат боғида “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Андижон вилояти Булоқбоши тумани маданият ва истироҳат боғида “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Маълумки, жорий йилнинг декабрь ойида мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Айни кунда сиёсий партиялар томонидан жойларда сайловолди тарғибот тадбирларини ўтказиш қизғин паллага кирди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят ҳамда Булоқбоши туман кенгашлари ҳамкорлигида янгича ғоя, янгича қарашлар, ўзига хос, интерактив усуллар асосида ташкил этилган “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида ўтказилган тарғибот тадбирида маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, ёшлар, партия хайрихоҳлари, шунингдек, туман маданият маркази, “Нуроний” ҳамда “Ёшлар келажагимиз” жамғармалари туман бўлимлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ” кодекси мазмун-моҳияти, сайловлар бутунлай янгича муҳит, янгича ҳуқуқий шароитда ўтиши, ушбу сиёсий жараёнга партия томонидан пухта тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлади. Партиянинг сайловолди дастурида илгари сурилган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди.
– Тарғибот тадбирининг асосий мақсади OʻzLiDePнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни, мавқеи, илгари сураётган ғоя ва мақсадларини сайловчилар ҳамда аҳолининг кенг қатламига етказишдан иборат, – дейди OʻzLiDeP вилоят кенгаши раиси Тоҳиржон Толипов. – Бу албатта, энг аввало, партиямиз нуфузини оширишга, бўлажак сайловларда номзодларимизнинг кўп овоз олишида муҳим роль ўйнайди.
Тарғибот тадбири доирасида Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари, туман маданият маркази санъаткорлари томонидан намойиш этилган маданий дастур, айниқса, “Миллионер” қувноқлар ва зукколар жамоасининг чиқиши барчага хуш кайфият улашди. Шунингдек, тадбир давомида ташкил этилган “OʻzLiDeP омадли лотереяси” ўйинида 50 дан зиёд турдаги эсдалик совғалар бахтли рақам эгаларига топширилди.
Сайловга оид чақириқлар, партиянинг шиорлари ёзилган паннолар, OʻzLiDeP рамзи туширилган байроқлар, либослар майдонга байрамона руҳ бағишлади.