Янги йилни янги уйда нишонладик
Сурхондарё вилоятида 2015 йилда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган 975 янги уй эгаларига топширилди.
Сурхондарё вилоятида 2015 йилда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган 975 янги уй эгаларига топширилди.Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қурилаётган замонавий уй-жой массивлари қишлоқлар кўркига кўрк қўшиш билан бирга, юртдошларимизнинг дунёқарашини, ҳаётга муносабатини тубдан ўзгартирмоқда.
– 2009-2015 йилларда вилоятда 4 минг 700 дан ортиқ намунавий лойиҳа асосидаги уй-жой фойдаланишга топширилди, – дейди “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компанияси Сурхондарё вилояти филиали директори ўринбосари Қудрат Қурбонниёзов. – Замонавий массивларда бир йўла ижтимоий инфратузилма объектлари, сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилиб, тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси билан таъминланаётгани янги уйларга одамларнинг интилишини, шаҳарникидан қолишмайдиган шароитларда яшаш иштиёқини кучайтирмоқда.
Замонавий массивларда ўтган беш йилда юздан ортиқ ижтимоий бозор инфратузилмаси объекти, сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчаси барпо этилди. Атрофи гулзор бўлган кенг ва равон йўллар қурилди. Қишлоқларда амалга оширилаётган бундай улкан бунёдкорлик ишлари одамларнинг нафақат турмуш даражасини юксалтириш, балки жойларда қурилиш маданиятини янада ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
“Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компанияси Сурхондарё вилояти филиалидан олинган маълумотларга кўра, 2015 йилда 14 массивдаги 975 янги уйни тез ва сифатли қуриш учун юздан ортиқ қурилиш ташкилоти танлаб олинган. Уларда уч мингдан зиёд қурувчи меҳнат қилган.
Термиз туманидаги “Тинчлик” ва “Солиобод” массивларида 420 якка тартибдаги намунавий уй барпо этилди. “Мармар” хусусий ишлаб чиқариш кичик корхонаси қурувчилари “Солиобод” массивида 12 якка тартибдаги замонавий турар-жой биносини қисқа вақтда қуриб битказди.
– Корхонамизга уйларни белгиланган муддатда сифатли барпо этиш учун катта ишонч билдирилгани бизни янада фидокорона меҳнат қилишга ундади, – дейди ушбу корхона раҳбари Жумақул Ҳамроқулов. – Пойдевори мустаҳкам уйлар белгиланган лойиҳа асосида маҳаллий қурилиш материалларидан барпо этилди. Уларнинг сифати ва дизайни янги уйларга буюртма берган юртдошларимизга жуда манзур бўлганидан хурсандмиз.
Ўтган йили термизлик Олим Отақулов “Тинчлик” массивида қурилаётган тўрт хонали уйга буюртма берган эди.
– Барака топишсин, қурувчилар уйни муддатидан олдин сифатли битказишди, – дейди Олим ака. – Биз қурилишни бошлаш учун бошланғич сармояни тўладик. Уйни тўлиқ қуриб, фойдаланишга топшириш учун қолган маблағ узоқ муддатли имтиёзли кредит сифатида тижорат банки томонидан ажратилди. Оила аъзоларимиз билан янги йилни барча шароитларга эга янги уйда нишонладик. Энди фарзандимизнинг никоҳ тўйини шу уйда ўтказишга ҳозирлик кўрмоқдамиз. Илгари хаёлимизга ҳам келмаган замонавий уйда тинч, фаровон яшашимиз учун ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимиздан миннатдормиз.
Замонавий массивларда қад ростлаётган уйларга буюртма бераётган мижозлар учун ипотека кредитлари ажратиш ва солиқ тўловларида имтиёзлар қўлланилаётганидан аҳоли мамнун. Мутахассисларнинг таъкидлашича, имтиёзли ипотека кредити олган жисмоний шахслар ва шерик қарздорлар солиққа тортиладиган иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг имтиёзли кредит маблағлари ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплашга йўналтирилган қисми даромад солиғи тўлашдан озод этилгани, жисмоний шахслар ипотека кредитларини тўлиқ қоплагунча мулк солиғи тўламаслиги белгилаб қўйилгани аҳамиятлидир.
2015 йили Бойсун туманидаги “Омонтепа” массивида 20, Узун туманидаги “Обизаранг” массивида 28, Шеробод туманидаги “Гуржак-1” массивида 38, Денов туманида 170, Жарқўрғон туманида 95, Сариосиё туманида 60 оила янги йилда замонавий уйларга кўчиб ўтди. Янги йил арафасида Ангор, Музработ, Олтинсой, Шўрчи, Қизириқ, Қумқўрғон туманларида ҳам якка тартибдаги шундай турар-жойлар фойдаланишга топширилгани кўплаб оилаларга бир олам қувонч келтирди.
Мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида бунёд этилиб, одамларнинг турмуш тарзи ва дунёқарашини тубдан ўзгартираётган, эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамлаётган замонавий уйларга буюртмалар сони йил сайин ўсиб, қурилиш ишлари кўлами кенгаймоқда. Хусусан, бошланган йилда вилоятнинг 14 қишлоқ массивида 1 минг 48 уйга буюртма берилгани бунинг яққол далилидир.