Янги йилни янги уйда кутамиз
Андижон шаҳрида қирқ саккиз ёш оила учун қурилган “Камолот” уйлари фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини янада яхшилашга улкан эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 8 сентябрдаги «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижроси доирасида Андижон шаҳрининг Тошкент кўчасида барча шароит ва қулайликларга эга «Камолот» уйи барпо этилди, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Андижон вилояти кенгаши раиси Акмалжон Жумабоев. – Бу уйларнинг ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида берилгани ёшлар қалбида эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамлаш билан бирга, уларнинг ота-оналари, яқинлари, бутун халқимизни ҳам беҳад мамнун этмоқда.
– Янги йилни янги уйда кутиб олаётганимиздан қувончимиз чексиз, – дейди Жалақудуқ туманидаги 17-давлат ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Рушана Рустамова. – Навқирон авлоднинг замонавий билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, спорт билан шуғулланиши, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратиш билан бирга, ёш оилаларнинг турмуш шароитини янада яхшилашга доимий эътибор қаратиб келаётган Юртбошимиздан миннатдормиз.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.