Янги таълим масканлари — янги имкониятлар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари замонавий ижтимоий инфратузилмани шакллантириш, аҳоли учун муносиб шароит яратиш ва ҳудудлар қиёфасини янгилашга хизмат қилмоқда. Сурхондарё вилоятида 2002 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Лочин” хусусий корхонаси ҳам бу жараёнга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Корхонага қурилиш соҳаси мутахассиси Баҳодир Валиев раҳбарлик қилади. Унинг асосий фаолияти мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш билан боғлиқ.
Хусусан, 2024 йилда 5 та – 2 та мактабгача таълим ташкилоти ва 3 та мактаб, 2025 йилда эса 4 та – 3 та мактабгача таълим ташкилоти ва 1 та мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни пайтда яна 2 та мактаб қурилиши давом этмоқда. Бу лойиҳалар нафақат замонавий бинолар, балки юзлаб ўқувчи ва тарбияланувчилар учун қулай таълим муҳитини яратишга хизмат қилаётир.
[gallery-31237]
Корхонада доимий штатда 15 нафардан зиёд ходим меҳнат қилади. Қурилиш мавсумида эса иш ҳажмига қараб 100 дан зиёд мутахассис иш билан таъминланади. Тажрибали жамоа билан бир қаторда корхонанинг замонавий қурилиш техникалари ва моддий-техник базаси ҳам лойиҳаларни сифатли амалга ошириш имконини бермоқда.
Корхонанинг асосий буюртмачиларидан бири Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ДУК инжиниринг компанияси ҳисобланади. Ҳамкорлик доирасида ҳудуддаги ижтимоий аҳамиятга эга объектларни барпо этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ҳар бир бунёд этилган мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти – келажак авлод учун яратилаётган янги имкониятдир. Шу маънода “Лочин” хусусий корхонаси фаолияти ҳудуд тараққиётига қўшилаётган амалий ҳиссаси билан аҳамиятли.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА