“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”нинг 2-босқичи ўтказилди
Шу кунларда ҳудудларда “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” спорт мусобақаларининг 2-босқич баҳслари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Талаба-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишни янада ошириш, иқтидорли спортчиларни саралаш ҳамда талабалар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган мазкур мусобақалар оммавий спортни ривожлантиришга қаратилгани билан катта аҳамият касб этмоқда.

Тошкент вилояти олий таълим муассасалари талабалари ўртасида баскетбол 3х3 спорт тури бўйича ташкил этилган мусобақалар ушбу спорт турига ёшлар ўртасида қизиқиш нечоғли юқори эканини кўрсатди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт майдончасида юқори савияда ташкил этилган баҳсларда ҳудудда жойлашган бир қатор олий таълим муассасаларининг иқтидорли талаба-ёшлари иштирок этиб, ўзаро куч синашди.

Қизиқарли кечган мусобақалар якунида эркаклар жамоалари ўртасида Астрахан давлат техника университети Тошкент вилояти филиали жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Аёллар жамоалари ўртасидаги ўйинлар сарҳисобига кўра, Тошкент давлат аграр университети талаба-қизлари етакчиликни қўлга киритди.
“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” 2-босқичида Чирчиқ давлат педагогика университети ҳамда Ангрен университети жамоалари совринли ўринлардан жой эгаллади.
Т.Рўзиев,
ЎзА