Янги Наманганда аҳоли учун қулай муҳит яратилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудни ободонлаштириш ва замонавий инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Маҳаллада 5 минг 286 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 1 минг 248 та хонадон мавжуд. Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, муҳандислик-коммуникация тармоқларини такомиллаштириш, ижтимоий объектларни барпо этиш бўйича лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Янги Наманган маҳалласида аҳоли бандлигини таъминлаш ҳам устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан “Oson ish” платформаси орқали бўш иш ўринлари таклиф қилиниб, иш изловчиларнинг касбий кўникмалари ва қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг доимий иш билан таъминланишига кўмаклашилмоқда.
Маҳаллада ижтимоий ходим томонидан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш ва манзилли ёрдам кўрсатиш ишлари тизимли йўлга қўйилган.
Хонадонбай ўрганишлар давомида фуқароларнинг ижтимоий аҳволи, муаммо ва эҳтиёжлари таҳлил қилиниб, ҳар бир мурожаат бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, ижтимоий хизматларга муҳтож фуқароларга давлат томонидан яратилган имкониятлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари юзасидан тушунтиришлар берилиб, зарур амалий кўмак кўрсатилмоқда.
[gallery-30418]
Маҳаллада аҳолига психологик хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида психолог хонаси ташкил этилган. Унда фуқаролар билан учрашувлар, суҳбатлар ва маслаҳатлар мунтазам ўтказилиб, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, турли ҳаётий муаммоларга дуч келган фуқароларга психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда низоли вазиятларни бартараф этишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, маҳаллада соғломлаштириш йўлакчалари, замонавий кутубхона, оталар чойхонаси, банкоматлар, умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим ташкилоти аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА