Янги меҳмонхона ишга тушди
Бухоро шаҳрида “Poykent Bukhara Old City” меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди.
Меҳмонхонанинг тантанали очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси раиси Гулчеҳра Исроилова, туризм соҳаси вакиллари, тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Статистик маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Бухоро вилоятига 2 миллион 137 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридаги 1 миллион 625 минг нафар сайёҳга нисбатан қарийб 1,3 баробарга ошган.
Янги меҳмонхона “Poykent Bukhara” меҳмонхоналар тармоғининг бешинчи объекти ҳисобланади. Бунга қадар мазкур тармоқнинг Хожа Анжир Фағнавий, Хожа Ориф Ревгарий, Саййид Мир Кулол, Баҳовуддин Нақшбанд мажмуаси ҳудудларида жойлашган меҳмонхоналари муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.
Миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий дизайн ечимларини ўзида мужассам этган “Poykent Bukhara Old City” меҳмонхонаси сайёҳларга юқори даражадаги қулайликларни тақдим этади. Мажмуада 129 та замонавий хона ташкил этилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 248 нафар меҳмонни қабул қилиш имконияти яратилган.
[gallery-29757]
Эътиборлиси, янги меҳмонхона фақат туризм инфратузилмасини кенгайтириш билан чекланиб қолмай, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшади. Унда 100 нафарга яқин ёшлар доимий иш ўринлари билан таъминланди.
Меҳмонхонанинг ишга туширилиши Бухоронинг халқаро туризм бозоридаги рақобатбардошлигини янада ошириш, зиёрат туризми имкониятларини кенгайтириш ва вилоят иқтисодиётига қўшимча инвестициялар жалб этишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари