Янги марралар сари дадил қадам ташлаш айёми
Қашқадарёнинг шаҳар ва туманларида, маҳаллалар ва кўчаларда Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган тантаналар кўтаринки руҳда ўтмоқда. Қарши шаҳридаги байрам тадбирига нуронийлар, меҳнат фахрийлари, ёшлар, турли соҳа вакиллари, тадбиркорлар, спортчилар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди. Саҳнада Ватан мадҳи янграйди. Қўлларида давлат байроқлари ҳилпираётган ёшлар, байрамона либосдаги болалар, бир-бирини табриклаётган юртдошлар — буларнинг барчаси энг улуғ байрамнинг ўзига хос файзини намоён этмоқда.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Муроджон Азимов сўзга чиқиб, барчани Мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этди.
– Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқлигини яна бир бор кўрсатди, – деди вилоят раҳбари.
Дарҳақиқат, бугунги Қашқадарёнинг қиёфаси ҳам ана шу ўзгаришлар самарасини яққол акс эттирмоқда. Байрам тадбирида қайд этилган рақамлар воҳанинг сўнгги йиллардаги иқтисодий тараққиёти кўламини тасаввур қилиш имконини беради.
Сўнгги ўн йилда вилоят иқтисодиёти 5 каррага, жон бошига тўғри келадиган ҳудудий маҳсулот 4 каррага ошган. Тадбиркорлик субъектлари ва саноат корхоналари сони эса 3 бараварга кўпайган. Бугунги ялпи ҳудудий маҳсулотда тадбиркорликнинг улуши 70 фоизга етгани ҳам иқтисодиётда хусусий секторнинг ўрни тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
[gallery-31188]
Бир вақтлар воҳа иқтисодиётига йилига бор-йўғи 1–2 миллион доллар миқдорида хорижий сармоя кириб келган бўлса, жорий йилнинг ўзида бу кўрсаткич 1 миллиард доллардан ошди. Бу рақамларнинг ҳар бири ортида янги корхона, янги иш ўрни, янги маҳсулот ва янги имкониятлар мужассам.
Тадбирда меҳнат қилаётган тадбиркорлар билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг гапида бир фикр кўп такрорланди: имконият бор жойда ташаббус ҳам, натижа ҳам бўлади.
- Тадбиркор учун энг муҳими — ўз ғоясини амалга ошириш имконияти. Корхона очиш, янги иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш учун шароитлар йил сайин кенгаймоқда, – дейди тадбиркор Илҳом Шукуров
Мустақиллик йилларидаги ўзгаришларни иқтисодий кўрсаткичлар билангина ўлчаб бўлмайди. Бу, аввало, инсонларнинг кундалик ҳаётида намоён бўлади. Қашқадарёда қарийб мингта кўп қаватли уй барпо этилиб, 35 минг оила замонавий хонадонларга эга бўлди. Эътиборлиси, янги уйларнинг ярмидан кўпи сўнгги тўрт йилда қурилган.
Мустақиллик байрами арафасида қарийб 7 триллион сўмлик 600 га яқин саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилгани эса байрам тантаналарининг шунчаки рамзий эмас, амалий натижалар билан уйғунлашаётганини кўрсатади.
Воҳадаги бунёдкорликни маҳаллалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Сўнгги икки йилнинг ўзида 450 та маҳаллада янги инфратузилма ва замонавий муҳит шаклланди.
239 та маҳалла “ишсизлик ва камбағалликдан холи” ҳудудга айлантирилгани эса одамлар даромадини ошириш, уларни касбга ўргатиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар самарасидан дарак беради.
Тантанада маҳалла фаоллари билан суҳбатлашганимизда, улар бугунги ёндашувнинг энг муҳим жиҳати одамнинг муаммоси хонадоннинг ўзида ўрганилаётганида эканини таъкидлади.
– Илгари айрим муаммолар идорама-идора юриб ҳал этилган бўлса, бугун хонадоннинг ўзига бориб, аҳолининг дарди ва эҳтиёжини ўрганишга эътибор қаратилмоқда. Бу маҳалладаги муҳитга ҳам, одамларнинг кайфиятига ҳам таъсир қиляпти, – дейди Қарши шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласи фаоли Малоҳат ая Камолова
Воҳанинг иқтисодий салоҳияти ҳақида гап кетганда туризмни алоҳида тилга олиш лозим. Бугун тарих ва замонавийлик уйғунлашган Шаҳрисабз, тоғолди ҳудудлари, миллий ҳунармандчилик анъаналари Қашқадарёнинг янги туристик қиёфасини шакллантирмоқда.
Сўнгги йилларда вилоятда меҳмонхона фонди 10 каррага, хорижий сайёҳлар оқими эса 31 баробарга кўпайган. Шаҳрисабзга “Жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақомининг берилиши эса бу салоҳиятни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Байрам тантанасида таълим соҳасидаги натижалар ҳам алоҳида қайд этилди. Ўтган ўн йилда вилоят аҳолиси 700 минг нафарга кўпайганига қарамасдан, мактабгача таълим қамрови 13 фоиздан 75 фоизга етказилди.
Мактабларда қарийб 200 мингта қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Мингдан зиёд ўқитувчи 10 миллион сўмдан юқори маош олмоқда. Энг муҳими, мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамрови 9 фоиздан 51 фоизга етди.
– Жорий йил мен учун ютуқларга бой бўлди, – дейди Қарши шаҳридаги Президент мактаби битирувчиси Шоҳрух Худойқулов. – Уларнинг ичида, мактабни тамомламасдан туриб, Канаданинг Торонто университетига юз фоизлик грант асосида ўқишга қабул қилинганим энг катта ютуғим бўлди. Албатта, бунда устозларимнинг сифатли таълим бергани, ота-онамнинг қўллаб-қувватлови, мактабимизда яратилган шарт-шароитлар жуда аҳамиятли. Биз ёшларга мана шундай имкониятлар яратиб бергани учун Юртбошимиздан миннатдормиз. Албатта, келажакда ўз соҳам бўйича етук мутахассис бўлиб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилганман.
Жорий йил якунига қадар вилоят иқтисодиётини 8,2 фоизга, саноатни 8,6 фоизга ошириш, инвестициялар ҳажмини 3,5 миллиард долларга, экспортни 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Ишсизлик ва камбағалликни 3 фоизгача тушириш ҳам устувор вазифалардан.
Вилоят раҳбари таъкидлаганидек, энди асосий эътибор табиий ресурсларни шунчаки ишлатишга эмас, уларни юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот, янги технология, экспорт ва инсон капиталига айлантиришга қаратилади.
Бунинг учун юқори технологиялар, энергия ва сув тежамкор технологиялар, рақамлаштириш, сунъий интеллект, замонавий логистика ва туризм хизматларини ривожлантириш муҳим вазифа сифатида белгиланмоқда.
Қишлоқ хўжалигида ҳам янги ёндашувлар давом эттирилади. Экин майдонларида сув тежайдиган технологияларга тўлиқ ўтиш, ерлар ҳолатини яхшилаш ва соҳани илм-фан асосида ривожлантиришга эътибор кучайтирилади.
Тантанада янграётган куй-қўшиқлар, ёшларнинг шодон чеҳралари, нуронийларнинг дуолари бир ҳақиқатни яна бир бор эслатади: мустақиллик – фақат тақвимдаги сана эмас. У инсоннинг эртанги кунга ишончи, фарзандининг яхши таълим олиши, оиланинг муносиб турмуши, тадбиркорнинг ўз ишини йўлга қўйиши, ёшнинг орзуси сари дадил қадам ташлаши, юртнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидир.
Қашқадарё бугунги кунда ана шу имкониятларни натижага айлантираётган ҳудуд сифатида янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда.
Тантана якунида янграган “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!” деган чақириқ эса бугунги байрамнинг мазмунини ўзида мужассам этди.
Зеро, Мустақилликнинг 35 йиллиги Қашқадарё учун нафақат ўтган йўл сарҳисоби, балки янги марралар сари дадил қадам ташлаш айёми ҳамдир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари