Янги истироҳат боғи – Яккабоғнинг туристик жозибадорлигини оширади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун Қашқадарё вилоятида ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, туристик жозибадорликни ошириш ҳамда аҳоли учун муносиб яшаш ва дам олиш шароитларини яратишга қаратилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Яккабоғ туманида барпо этилаётган замонавий истироҳат боғи ҳудуднинг маданий ва иқтисодий юксалишига хизмат қиладиган эътиборга молик ташаббуслардан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Умумий майдони 10 гектардан зиёд бўладиган ушбу боғда аҳоли ва меҳмонлар учун турли кўнгилочар тадбирлар ўтказиш, сайр қилиш ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг асосий қисми бўлмиш 650 ўринли муҳташам амфитеатрнинг қиймати 6 миллиард сўмга баҳоланаётган бўлиб, мазкур иншоотда байрамлар, концертлар ва турли маданий-маърифий тадбирларни юқори савияда ўтказиш имконияти яратилади. Муҳими, келгусида у туманнинг маданий ҳаётини тубдан янги босқичга олиб чиқадиган жамоат масканига айланиши кутилмоқда.
Шунингдек, боғ ҳудудида пиёдалар йўлаклари, велосипед майдони ва болалар ўйин майдончаларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу эса турли ёшдаги аҳоли учун қулай ва хавфсиз дам олиш муҳитини яратади.
[gallery-31661]
Лойиҳанинг амалга оширилиши Яккабоғнинг умумий қиёфасига ижобий таъсир кўрсатади, маҳаллий аҳолининг бандлиги ошади, хизмат кўрсатиш соҳасида янги имкониятлар пайдо бўлади. Бу эса туман бюджетига қўшимча даромад келтиради.
Келгусида боғ атрофида кичик бизнес объектларини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратилади. Чойхоналар, сувенир дўконлари ва кафелар фаолияти туризм оқимини янада кучайтиради. Натижада боғ ҳудуднинг иқтисодий жиҳатдан фаол нуқталаридан бирига айланиши мумкин.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА