Янги бунёдкорлик ҳудудларга файз бермоқда (+видео)
Айни “Наврўз” байрами тантаналари нишонланаётган шукуҳли кунларда Тошкент вилоятининг барча ҳудудлари қаторида Ўрта Чирчиқ туманида ҳам кўплаб ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди.
Очилиш тадбирларида Президент Администрацияси вакиллари, республика ва вилоят ишчи гуруҳлари, туман ҳокими Ихтиёр Касимов, нуронийлар, фаоллар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Хусусан, Файзобод маҳалласидаги 33-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти қайта реконструкция қилинди. Мазкур лойиҳа қиймати 2 миллиард 800 миллион сўм бўлиб, белгиланган тартибда демонтаж ишлари амалга оширилди. Ҳозирги кунда боғчага Файзобод маҳалласидан ташқари Қорасув, Тинчлик ва Роватак маҳаллаларидан жам 180 нафар бола қатнайди.
– Боғчамизда яратилган қулайликлардан жуда хурсандмиз. Айниқса, тарбияланаётган болаларимизнинг ота-оналари масъулларга ўз миннатдорлигини билдирди. Илгарилари биноларимизда кўплаб ноқулайликлар бор эди. Ҳозир барча хоналаримиз замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Эндиликда булардан тўғри фойдаланган ҳолда болаларни соғлом ва баркамол қилиб улғайишига ўз ҳиссамизни қўшамиз, – дейди 33-сонли ДМТТ директори Мўътабар Эрназарова.
Бундан ташқари, ҳозиргача ўз биносига эга бўлмаган “Уйғур” маҳалла фуқаролар йиғинига давлат хусусий шерикчилиги асосида янги бино қуриб берилиб, фойдаланишга топширилди. “Маҳалла еттилиги”га алоҳида хоналар ва мажлислар залига эга бўлган бино маҳалла аҳолисига комплекс хизмат кўрсатади.
Маҳалла раиси Воҳид Рамазоновнинг айтишича, авваллари масъул ходимлар ҳудуддаги мактаб биносида ажратилган хонада фаолият олиб борган. Бу ўз навбатида аҳоли билан ишлашда ноқулайликларга сабаб бўлган. Ҳозир ҳудуднинг асосий драйвери иссиқхоначилик ва томорқа маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган. Бу маҳаллада 1 минг 113 та хонадон бор, 3 минг 632 нафар аҳоли яшайди. Бугунги кунда “Маҳалла еттилиги” вакиллари улар билан тизимли иш олиб бормоқда.
Маълумки, аввалги Ўрта Чирчиқ тумани Нуронийлар маскани биноси тумандан Нурафшон шаҳри ажраб чиқиши натижасида нуроний ва оқсоқолларнинг биноси йўқ эди. Шу сабабли бу йўналишда тумандаги кексалар билан тизимли ишлаш, уларнинг ҳаётий тажрибаларидан самарали фойдаланишда қийинчиликлар бўлиб турган. Туман ҳокимининг ташаббуси билан давлат хусусий шерикчилиги асосида Уйғур маҳалласи ҳудудида фахрийларига комплекс хизмат кўрсатувчи Нуронийлар маскани янгидан қуриб, фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида футбол майдони ҳам очилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/rV6BqAj13OQ" title="Yangi bunyodkorlik hududlarga fayz bermoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев (сурат, видео), ЎзА.