Яхшимурод бобонинг ҳайрати
Бирор ишга иштиёқ билан киришган одамга билдирилган арзимас далда унга катта куч-ғайрат бағишлагани каби янги бизнес режалар тузаётган бўлғуси ёш тадбиркорга кўрсатилган ҳар қандай рағбат ҳам катта муваффақиятларга омил бўлади. Шуларни ўйлаган Яхшимурод бобо ҳокимиятга йўл олган набирасига ҳамроҳ бўлди.
Бирор ишга иштиёқ билан киришган одамга билдирилган арзимас далда унга катта куч-ғайрат бағишлагани каби янги бизнес режалар тузаётган бўлғуси ёш тадбиркорга кўрсатилган ҳар қандай рағбат ҳам катта муваффақиятларга омил бўлади. Шуларни ўйлаган Яхшимурод бобо ҳокимиятга йўл олган набирасига ҳамроҳ бўлди.– Банкдан кредит олиб, оилавий корхона очамиз, – деди йўлдан кўзини узмай машина бошқариб бораётган Саиджон орқа ўриндиқда ўтирган бобосига. – Бунинг учун мамлакатимизда барча шароит ва имкониятлар яратилган. Қолаверса, миллий ҳунармандлик буюмларига нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб ортиб бораяпти. Сизни ишонтириб айтаман, ишимиз ривожланиб кетади.
Кечагина касб-ҳунар коллежини битирган набираси отамерос ҳунармандликни ривожлантириш йўлида катта режалар тузаётганини кўрган Яхшимурод бобо ич-ичидан севинди.
Икковлон пештоқига “Ягона дарча” маркази, деб ёзилган эшикдан ичкарилади.
– Бобо, эртага оилавий корхонамизга тегишли ҳамма ҳужжатлар, ҳатто, муҳр ҳам тайёр бўлади, – деди Саиджон марказдан чиқар экан мамнун оҳангда. – Сиз ваҳима қиласиз, бир пайтлардаги ҳужжатбозликлар ҳозир йўқ деган эдим-ку?!
– Жўжани эртага санаймиз, севинмай тур, – бобо ишнинг бунчалик тез битишига ишонмаётганини шу тарзда билдирди. – Сенинг ёшингда мен ҳам ишонувчан бўлганман, бундай “эртага келинг, индин келинг”ларнинг қанчасини кўрганман.
...Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби 2016 йил 1 январдан бошлаб Тошкент вилоятида ҳам тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатувчи “ягона дарча” марказлари иш бошлади.
Вилоятда 20 минг 400 дан ортиқ кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда. Иқтисодиётимизнинг муҳим бўғинига айланиб бораётган оилавий корхоналар сони ҳам ортиб, асосан саноат, хизмат кўрсатиш, ҳунармандлик ва сервис соҳаларида муваффақиятли иш олиб бормоқда.
Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида “Ягона дарча” марказларига келиб тушган 9 минг 200 дан ортиқ мурожаатнинг барчаси вақтида ечимини топган. Жорий йилда ҳудудда 2 минг 300 дан зиёд янги тадбиркорлик субъекти иш бошлаган. Уларни турли бюрократик тўсиқларсиз ва қисқа муддатда рўйхатга олишда мазкур давлат хизматларининг алоҳида ўрни бор.
“Ягона дарча” марказлари иш бошлагандан кейин тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, ер участкасига бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш, ташқи рекламани жойлаштириш, турар жойни нотурар жойга айлантириш каби масалалари бир жойда ҳал бўлмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 5 октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш вазифаси қўйилган, – дейди Тошкент вилояти адлия бошқармаси юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими бошлиғи Абдулла Турсунов. – Бу “Ягона дарча” маркази орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари сони кўпайтирилиши тадбиркорларга янада катта қулайликлар яратади. Марказлар тадбиркорларнинг иш бошлашидан тортиб фаолияти давомида зарур бўладиган барча хизматларни бир жойда кўрсатиши билан кўпчиликка манзур бўлмоқда.
Туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган 18 марказда айни пайтда тадбиркорлик субъектларига 16 турдаги давлат хизмати кўрсатилмоқда. Уларда танлов асосида олинган олий маълумотли мутахассислар фаолият юритмоқда. Бу ерга мурожаат қилган тадбиркор ахборот бўлимининг бепул хизматидан фойдаланиб, давлат хизматлари кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида маълумот олмоқда. Марказлар барча ҳуқуқий ахборот ва қўлланмалар билан таъминланган.
Чирчиқ шаҳар “Ягона дарча” маркази раҳбари Санжар Имомалиевнинг таъкидлашича, жорий йилнинг ўтган даврида марказ орқали 721 тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган. 16 турдаги давлат хизмати бўйича 700 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, тегишли тартибда хизматлар амалга оширилган. 750 га яқин тадбиркорга турли йўналиш бўйича бепул маслаҳат берилган.
...Саиджон айтган бир кун ўтди.
Яхшимурод бобо набирасининг ҳокимиятдан қайтишини бетоқат бўлиб кутди. Сабри чидамай қўшнисиникига чиқди.
– Ишлари ҳал бўлса, ҳовлини бошига кўтариб, “Мен келдим, уйда кимдир борми?” дея шовқин солиб кириб келади, – деди бобо қўшниси Сулаймон акага. – Шу феъли ўзимга тортган.
Отахон ҳали гапини тугатмай ҳовлисидан овоз келди:
– Уйда ким бор, бобожон, дада, ойи. Мен келдим. Сизларга айтган эдимку, мана, ҳаммаси бир жойнинг ўзида, бир пасда ҳал бўлди.
Кечаги гапидан юзига қизил югурган бобо уйи томон йўл олар экан, “Йўғ-э, бир кунда-я? Бунинг устига ҳаммаси деяптими? Хўп замонлар келди-да. Ишлайман, яратаман, эл-юртга наф келтираман, деганга барча шароиту имконият бор. Айниқса, ёшларга ҳамма йўл очиқ, қойил-э”, деб шундай кунларга етказганига шукроналар айтди...