Хитойнинг Чэнду шаҳрида давом этаётган XII Бутунжаҳон спорт ўйинларининг олтинчи кунги мусобақалари сарҳисобига кўра, Ўзбекистон спорт делегацияси 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалига эга чиққани ҳисобига умум жамоада 112 та давлат орасида 31-ўринга кўтарилиб олди.
Кеча "World Games-2025" ўйинларида 12 та спорт турида мусобақалар ташкил этилган бўлса, жанговар самбо ва кикбоксинг спорт турларида ўзбекистонлик спортчилар ватанимиз шарафини ҳимоя қилди.

Шиддатли кечган беллашувлар натижасида юртимиз самбочилари 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритди.
Самбочиларимиздан -59 килограммда Шаҳзода Азатова олтин, -65 килограммда Феруза Бобоқулова кумуш ва Мадина Салоҳиддинова ва Шариф Кушаев ўз вазнларида бронза медалига эга чиқишди.
Ўйинларнинг дастлабки кунги мусобақаларида ушу спорт турида Дарья Латишеванинг кумуш медалли бўлиши, бугун самбочиларимизнинг 4 нафари нуфузли мусобақада шоҳсупага кўтарилганлиги янги Ўзбекистоннинг янги ғалабалари бардавом эканлигининг ёрқин далили бўлди.

Бугун, 14 август куни XII Бутунжаҳон спорт ўйинларининг жанговар самбо мусобақаларида 3 нафар, кикбоксинг мусобақаларида 2 нафар спортчимиз совринли ўринларга даъвогарлик йўлидаги беллашувларда ўз омадларини синовдан ўтказади.
Ўйинлар 17 августга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА