“Voice Up – 2026”: имкониятлар, ғоялар ва ҳамжиҳатлик
Бугунги кунда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ва жамиятда тенг имкониятлар муҳитини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, инклюзив ёндашув асосида ташкил этилаётган лойиҳалар ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни бирлаштириш ва янги ғояларга илҳомлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири Бухоро вилоятида ўз ишини бошлаган “Voice Up – 2026” инклюзив ёшлар оромгоҳидир.
Мазкур оромгоҳ нафақат ёшлар учун янги тажриба майдони, балки инновацион ғоялар, дўстлик ва ҳамжиҳатлик масканига айланмоқда. Унда вилоятдан ташриф буюрган 56 нафар ёш ўзларининг стартап ва инклюзив лойиҳалари билан иштирок этмоқда. Қувонарлиси, иштирокчилар орасида ногиронлиги бўлган ёшлар ҳам бор. Бу эса лойиҳанинг ҳақиқий инклюзив моҳиятини намоён этиб, ҳар бир иштирокчига ўз салоҳиятини намойиш этиш имконини бермоқда.
Иштирокчилар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда Бухоро туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида бўлиб, бу ерда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими ва амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишди. Самимий мулоқотлар давомида улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, ижтимоий масъулият ҳиссини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.
Шунингдек, оромгоҳ иштирокчилари Бухоро вилояти маъмурий марказига ташриф буюриб, замонавий бошқарув тизими, рақамлаштириш жараёнлари ва сунъий интеллект технологияларининг амалиётдаги аҳамияти билан танишди. Мутахассислар томонидан рақамли технологиялар орқали хизматлар сифатини ошириш, иш жараёнларини соддалаштириш ва янги имкониятлар яратиш борасида батафсил маълумотлар берилди.
Оромгоҳда таълимий ва амалий машғулотлар ҳам юқори савияда ташкил этилди. Иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда турли тренинглар ва психологик сессияларда фаол қатнашди. Улар нотиқлик санъати, лидерлик кўникмалари, жамоа билан ишлаш ва шахсий ривожланиш бўйича муҳим билимларга эга бўлдилар.
[gallery-28812]
Лойиҳанинг энг муҳим босқичларидан бири ёшлар томонидан ишлаб чиқилган инновацион ғоялар тақдимоти бўлди. Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиб, лойиҳалар билан яқиндан танишдилар. Хусусан, “Қалб кўзи”, “Smart қўлқоп”, “Time Pill”, “Юкланиш” каби ташаббуслар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётини енгиллаштириш, уларнинг жамиятга интеграциясини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида эътиборга лойиқ бўлди. Мутасаддилар томонидан ушбу ғоялар юқори баҳоланиб, уларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.
“Voice Up – 2026” оромгоҳининг тантанали очилиш маросими ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Тадбир давомида амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳалар ва яратилган имкониятлар акс этган видеоматериаллар намойиш этилди. Вилоят ҳокими ўз нутқида инклюзив муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
“Voice Up – 2026” инклюзив ёшлар оромгоҳи нафақат ёшларнинг билим ва кўникмаларини оширишга, балки уларни жамият ҳаётида фаол иштирок этишга ундайдиган муҳим платформага айланмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.