Виртуал макондаги беҳаёлик ҳам жавобгарликка сабаб бўлади
Бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқлар инсонлар ўртасидаги мулоқотнинг ажралмас қисмига айланди. Бироқ ушбу имкониятлардан ноқонуний ва ахлоқ меъёрларига зид равишда фойдаланиш нафақат жамият маънавиятига путур етказади, балки қонун олдида жавоб беришга ҳам олиб келади. Бухоро вилояти Вобкент туманида содир бўлган ҳолат бунинг яна бир яққол исботидир.
Маълумотларга кўра, 2008 йилда туғилган Ш.Т. Telegram мессенжери орқали икки нафар қиз – Н. ва Ҳ. билан боғланиб, уларга бир неча бор қўнғироқ қилган. Суҳбатлар давомида у шаҳвоний мазмундаги гаплар билан қизларни безовта қилиб, шилқимлик қилган. Шу билан чекланиб қолмай, уларга турли порнографик материаллар ҳамда ўзининг интим суратларини юборган.
Мазкур хатти-ҳаракатлар қизлар ва уларнинг яқинларида асосли норозилик уйғотган ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинишига сабаб бўлган. Текширув жараёнида ҳуқуқбузарнинг ҳаракатлари тўлиқ тасдиғини топди.
Суд мажлисида Ш.Т. ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Шунингдек, жабрланувчилардан кечирим сўраб, бундай ҳолат такрорланмаслигини айтди.
Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган шаҳвоний шилқимлик қилиш ҳамда 189-моддасида белгиланган порнографик маҳсулотларни тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топди.
Суд қарорига мувофиқ, ҳуқуқбузарга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида — 20 миллион 600 минг сўм жарима тайинланди. Шунингдек, ҳуқуқбузарликни содир этишда фойдаланилган Samsung A5 русумли мобил телефон давлат фойдасига мусодара қилинди.
Бу воқеа виртуал оламда қилинган ҳар қандай ноқонуний ҳаракат жазосиз қолмаслигини яна бир бор кўрсатди. Интернет орқали юборилган хабар, сурат ёки видеолар ҳам ҳуқуқий баҳога эга бўлиб, улар учун шахс қонун олдида жавоб беради. Айниқса, вояга етмаганлар ва ёшларнинг шаъни, қадр-қиммати ҳамда руҳий дахлсизлигига тажовуз қилувчи ҳаракатларга нисбатан қонунчиликда қатъий чоралар белгиланган.
Ёшлар интернетдан маданиятли ва масъулиятли фойдаланиши, ҳар қандай ахборот ёки мулоқот ортида ҳуқуқий оқибатлар бўлиши мумкинлигини унутмаслиги лозим. Чунки бир лаҳзалик беўйлик инсон тақдирига доғ бўлиб тушиши, эркинлиги ва келажагига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири