Республика қишлоқ хўжалиги вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида бўлиб, аграр тармоқда олиб борилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар билан танишди.
Вазир туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров, секторлар раҳбарлари ҳамроҳлигида “Бахтиёр, Неъматжон, Шавкатжон” фермер хўжалигидаги 150 гектар майдонда Хитой Халқ Республикасидан келтирилган пахта навининг ривожи билан танишди.

Айтиш жоизки, ғўзалар авж ўсмоқда ва маҳаллий навларга қараганда тезпишар, серҳосил. Шунингдек, олти гектар майдонда шу йил тажриба сифатида шоли экилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилди.
“Зумрад, Ибрат” фермер хўжалиги далаларида 37 гектар ерга “Бухоро-102” нави экилган. Ғўзалар ривожи кўрган кишининг ҳавасини келтиради. “Наманган тажриба станцияси”да ҳам деҳқончиликда самарали меҳнат қилинмоқда.

Вазир қишлоқ хўжалигига илмий ёндашиб, саховатли заминдан янада унумли фойдаланиш бўйича мутасаддиларга тегишли тавсияларини берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири