Ватанимиз илк бор Халқаро информатика олимпиадасига мезбонлик қилади
Жорий йилнинг 9-16-август кунлари Тошкент шаҳрида 38-Халқаро информатика олимпиадаси — IОI 2026 бўлиб ўтади. Ўзбекистон мазкур нуфузли мусобақага ўз тарихида илк бор мезбонлик қилади. Пойтахтимизда бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу хусусида батафсил маълумот берилди.
Сўнгги йилларда рақамли таълим, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида мамлакатимизнинг IT экотизими жадал ривожланмоқда.
Бугунги кунда IT Park резидентлари сони 3 700 тадан ошган бўлиб, уларнинг 1 000 дан ортиғини хорижий капитал иштирокидаги компаниялар ташкил этади.
Резидент компанияларда фаолият юритаётганлар сони 2023 йилдаги 26,2 минг нафардан 56 минг нафарга етган. АКТ соҳасида ўзини ўзи банд қилганлар, жумладан, фрилансерлар сони ҳам 2023 йилдаги 53,3 минг нафардан 2026 йилда 181 минг нафарга етди.
Ўзбекистон халқаро рейтингларда ҳам юқори натижаларни қайд этмоқда. Dealroom.co платформасининг 2026 йилги ҳисоботига кўра, мамлакатимиз венчур инвестицияларининг йиллик ўсиш суръати бўйича қарийб 540 фоизлик натижа билан дунёда биринчи ўринни эгаллади.
[gallery-30751]
Шунингдек, Ўзбекистон СтартупБлинк томонидан дунёдаги энг тез ривожланаётган стартап экотизимларидан бири сифатида эътироф этилиб, “Йил мамлакати” деб топилди. Ушбу натижалар мамлакатимизда рақамли таълим, стартаплар ва технологик тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг халқаро эътирофидир.
Ўзбекистон “IОI 2026”га мезбонлик қилиш ҳуқуқини 2023 йилда қўлга киритган. “Алгоритм” тушунчасига ном берган буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий юртида дунёнинг энг иқтидорли ёш дастурчиларини қабул қилиш тарихий ва рамзий аҳамиятга эга.
Олимпиадага 97 дан ортиқ мамлакатдан 386 нафар ўқувчи рўйхатдан ўтган. Делегациялар, халқаро қўмита вакиллари, меҳмонлар ва кузатувчилар билан биргаликда иштирокчиларнинг умумий сони 900 нафардан ошади. Бу IОI тарихида иштирокчи мамлакатлар сони бўйича рекорд кўрсаткичдир.
Айтиш керакки, IОI мактаб ўқувчилари ўртасидаги энг нуфузли спорт дастурлаш мусобақаларидан бири ҳисобланади. Унда иштирокчилар мураккаб алгоритмик масалаларни ечиш, тез ва мантиқий фикрлаш бўйича беллашади.
Ўзбекистон миллий терма жамоасини тайёрлаш ишлари 2025 йил ноябрдан бошлаб босқичма-босқич амалга оширилди. Қозоғистон, Польша ва Руминиядан халқаро экспертлар жалб қилиниб, 10 га яқин ўқув-машғулот йиғини ташкил этилди. Ўқувчиларнинг техник тайёргарлиги билан бир қаторда психологик тайёргарлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлардан сараланган 100 нафар ўқувчи орасидан 2 та миллий терма жамоага 4 нафардан жами 8 нафар аъзо танлаб олинди.
Мамлакатимиз Халқаро информатика олимпиадасида илк бор 2015 йилда қатнашган. 2025 йилга қадар миллий терма жамоамиз жами бир кумуш ва тўрт бронза медалини қўлга киритган.
IОI 2025 йилда эса Ўзбекистон тарихидаги илк кумуш медаль ҳамда навбатдаги бронза медали қўлга киритилди.
Олимпиадани ташкил этишда хавфсизлик, транспорт, меҳмонларни кутиб олиш ва жойлаштириш, овқатланиш, техник инфратузилма ҳамда маданий дастурларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 8 кун давомида Тошкент шаҳри ёш дастурчилар, мураббийлар ва халқаро экспертларнинг мулоқот майдонига айланади.
“IОI 2026” Ўзбекистоннинг технологик ва таълим салоҳиятини халқаро майдонда намойиш этиш, ёшларни дастурлаш, математика ва STEM йўналишларига қизиқтириш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова, Ў.Ҳайитов (сурат), ЎзА мухбирлари