Хитойда япон миллатига мансуб мактаб ўқувчиси ўлдирилиши мамлакатда миллатчиликни авж олдиришга уринишнинг яққол намунаси бўлди. Баъзилар ҳукуматни Японияга қарши кайфият ва ҳатто, нафрат уйғотишда айбламоқда.
Кун чиқар юрт Бош вазири Фумио Кисида сўнгги ойларда Хитойда япон болаларига иккинчи марта пичоқ билан ҳужум уюштирилгани, охирги ҳодиса ўқувчининг ўлимига сабаб бўлгани бўйича Пекиндан изоҳ талаб қилди.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 10 ёшли бола дарсга кетаётганда жанубий Шенжень шаҳридаги япон мактаби дарвозасидан тахминан 200 метр нарида нотаниш одам томонидан пичоқланган. Дастлаб касалхонага ётқизилган, кейинроқ жароҳат таъсирида вафот этган марҳумнинг отаси япон, онаси хитойлик, ўзи Япония фуқароси эди.
Шенжень полицияси баёнотида айтилишича, 44 ёшли гумонланувчи воқеа жойида ҳибсга олинган. Ишсиз мақомига эга жиноятчи илгари икки марта, жамоат алоқа воситаларига зарар етказгани ва умумий тартибни бузгани учун ҳибсга олинган.

Журналистлар билан суҳбатда Япония ҳукумати бошлиғи ҳужумни “жирканч жиноят, ўта оғир иш” сифатида баҳолади ва Хитойни мамлакатдаги японларни ҳимоя қилишга чақирди.
– Хитой томонидан фактлар билан бўлишишни сўраймиз, – деди Кисида. –Бундай воқеа бошқа ҳеч қачон такрорланмаслиги керак. Биз Хитой томонини япон халқи хавфсизлигини таъминлашга қатъий чақирдик.
Матбуот анжуманида ХХР Ташқи ишлар вазирлиги “бахтсиз ҳодиса” туфайли боланинг оиласига чуқур ҳамдардлик билдирди.
Вазирлик матбуот котиби Лин Жиан тергов кетаётганини айтиб, бу ишни “кўп учрамайдиган ҳодиса” деб атади.
– Шунга ўхшаш ҳолат ҳар қандай мамлакатда юз бериши мумкин, – деган у. – Хитой ҳар доим юртимиздаги барча чет эл фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш учун самарали чоралар кўрган ва кўришда давом этади.
Қотиллик қасддан қилинганини ҳужум содир бўлган “нозик” санадан ҳам билса бўлади. 1931 йил айнан шу куни “918” воқеаси кузатилган, Яъни, япон аскарлари минтақани эгаллаш баҳонасида Хитой шимоли-шарқидаги Японияга тегишли темир йўлни портлатган.
Ушбу ҳиссиётга бой сана Хитойда Япония босқини бошланиши сифатида нишонланади. Давлат оммавий ахборот воситалари ва расмийлар жамоатчиликни миллий хўрликни ҳеч қачон унутмасликка чақиради.
ХХР ҳукумати бу галги ҳужум сабаби ҳақида гапирмади. Бу мамлакатда хорижликларга қарши оммавий ҳужум камдан-кам содир бўлган, бироқ сўнгги ойларда кузатилган бир неча шов-шувли пичоқлаш ҳолати кўпчиликда хавотир уйғотмоқда.
Масалан, июнь ойида Хитой шарқидаги Сузоу шаҳрида мактаб автобуси олдида хитойлик эркак япон аёли ва унинг боласини пичоқлаб, жароҳатлаган. Воқеага аралашишга уринган хитойлик автобус хизматчиси олган жароҳати оқибатида вафот этган.
Хитой полициясига кўра, мазкур ҳодисадан икки ҳафта олдин коллеж ўқитувчилари, тўрт нафар америкалик шимоли-шарқий Жилин шаҳридаги жамоат боғида маҳаллий фуқаро томонидан пичоқлаб кетилган. Фожиага жиноятчи муаллимлардан бирига тўқнашиб кетиши сабаб бўлган.
Ёш боланинг машъум ҳалокати Осиёнинг икки энг йирик иқтисодиёти ўртасидаги уруш даври тарихини, Хитой юксалиши натижасида юзага келган ўсувчан куч хусусиятига эга мураккаб муносабатларни яна бир бор эсга солди.
Қотиллик Хитойдаги япон ҳамжамиятини ларзага келтирди. Кун чиқар юртнинг баъзи йирик компаниялари ходимлари ва уларнинг оилаларини ватанга қайтаришни таклиф қилди. Бундай ҳолатлар Хитойга янги сармоя киритиш истагидаги япон бизнесменларини ҳаракатданп тўхтатиши мумкин. Бу эса мамлакат иқтисодиётидан чет эл капитали рекорд даражада чиқиб кетишига олиб келади.
Тарихий ғазаб
Япония узоқ вақтдан бери хитой миллатчилигига асосланган ғазаб нишони бўлиб келган. Бунинг илдизи Япония Иккинчи жаҳон урушида Хитойга шафқатсиз бостириб кириши ва мамлакатни босиб олиши билан боғлиқ. Хитойнинг бир неча авлоди мактаб дарсликлари ва давлат телевидениеси орқали япон аскарлари томонидан содир этилган ваҳшийликлардан хабардор бўлиб улғайган.
Айни норозилик ҳисси Шарқий Хитой денгизидаги ҳудудий низо ва геосиёсий таранглик туфайли янада кучайди. Зеро, Япония АҚШ билан иттифоқдошликни мустаҳкамлаши Пекин томонидан Хитойни юксалишдан чеклаш мақсадидаги ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.
Бинобарин, ТИВ матбуот котиби Лин Жиан фикрича, Хитойда Японияга нисбатан ҳеч қандай адоват йўқ.
– Биз нафратни давом эттириш эмас, балки уруш фожиаси қайта содир бўлишининг олдини олиш учун тарихий сабоқни тарғиб қиламиз, – деди у.
Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, баъзи ҳолларда миллатчилик онлайн таъсир ўтказувчи томонидан “клик” сифатида ишлатилади. Кўпинча ёвуз ниятни амалга ошириш учун фитна назарияси ишга солинади. Япон корхоналари ва ишчилари кўп бўлган Хитойнинг энг йирик шаҳарларидаги япон мактаблари айнан шундай онлайн-нафрат манзилига айланмоқда. Ўтган йилдан бери Хитой видео сайтларида адоват ва ушбу объектларга нисбатан шубҳа уйғотувчи юзлаб видео лавҳалар пайдо бўлди. Кўпчилик бундай мактабларни ёпишни талаб қилди. Баъзилар япон таълим масканларини яширинча жосус тайёрлаётганликда айблади.
Мамлакат ТИВ Хитой ўз ҳудудидаги барча чет эл фуқаролари хавфсизлигини ҳимоя қилишига ваъда берди, Японияни эса “сиёсий кескинлашув”дан қочиш, “хотиржам ва оқил бўлиш”га чақирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА